Мирзиёев Олимпиада ғолиб ва совриндорлари билан учрашди
Спорт
−
28 Август
8231Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 28 август куни XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Миллий Олимпия қўмитаси ва спорт федерациялари раҳбарлари, мураббийлар, спортчиларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам қатнашди.
Маълумки, ушбу Олимпия ўйинлари 26 июлдан 11 августгача Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтди. Унда 200 дан зиёд давлатдан 11 минг нафарга яқин энг кучли атлетлар қатнашди. Ўзбекистон 19 та спорт тури бўйича 90 нафар спортчи билан иштирок этди. Бу нуфузли мусобақа биз учун том маънода рекордлар, мислсиз ютуқларга бой бўлди.
Давлат раҳбари спортчиларни ушбу улкан тарихий ғалаба билан табриклаб, нутқ сўзлади.
"Сизлар ғоят кескин беллашувларда юксак жасорат ва матонат кўрсатиб, 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медални қўлга киритганингиз мамлакатимизнинг тараққиёт борасидаги юксак салоҳиятини ифода этадиган ёрқин натижадир. Бу тарихий ғалаба Янги Ўзбекистон ёшлари қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир марта амалда намойиш этди. Мамлакатимиз иштирокчи давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 4-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади. Барчамизни қувонтирган бу натижалар Ўзбекистон тарихида илгари ҳеч қачон бўлмаган ютуқлардир", деди Шавкат Мирзиёев.
Бунинг учун спортчи ва мураббийларга барча шароитлар яратилди. Спортчиларни тайёрлашга ёндашув ўзгартирилиб, изланиш ва эътибор кучайди. 2021 йил августда бўлиб ўтган шундай учрашувда келгуси Олимпиадада кучли ўн бешта давлат қаторига кириш мақсад қилиб қўйилган эди. Бу шараф билан уддаланиб, мамлакатимиз дунёда 13-ўринни эгаллади.
Британиянинг “Financial Times” нашрида ёзилишича, Олимпия медаллари, мамлакатнинг спорт оламида эришаётган ютуқлари давлатнинг умумий ривожланиш ва инсоний тараққиёт даражасини билдиради.
Ҳақиқатан ҳам, Олимпиада ўйинларидаги ҳар бир натижанинг ўрни, моҳияти ва аҳамияти беқиёсдир. Чунки тўрт йилда бир марта ўтадиган бу йирик халқаро мусобақада зўрларнинг зўри қатнашади, у мамлакатнинг спорт соҳасига эътибори, халқнинг жисмоний ва маънавий салоҳиятини намоён этади.
Мусобқада илк олтин медални Диёра Келдиёрова қўлга киритди. Бу ҳам дзюдо бўйича, ҳам аёллар ўртасида юртимизнинг Олимпиададаги биринчи олтин медали бўлиб тарихга кирди. Светлана Осипова эса таэквондо бўйича биринчи кумуш медални эгаллаб, аёллар спорти тарихида янги саҳифа очди.
Ўзбекистон таэквондо бўйича биринчи марта Олимпия ўйинларида 2 та медални қўлга киритди. Терма жамоамиз ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этиб, умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллади. Улуғбек Рашитов Олимпия ҳаракати солномасида таэквондо бўйича энг ёш тоифада икки карра Олимпия чемпиони бўлди.
Ўзбекистон дзюдо бўйича ўз тарихида Олимпиадада энг кўп медаль олди. Эркин кураш бўйича 12 йиллик танаффусдан сўнг яна олтин медаль қўлга киритилди.
Бокс бўйича миллий терма жамоамиз олтин медаллар сони бўйича мамлакатимиз тарихида Олимпия ўйинлари рекордини янгилади ва умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Эркаклар ўртасида еттита олтин медалнинг бештасини бизнинг боксчиларимиз олди.
Умуман, Европанинг қоқ марказида спортчиларимиз шарафига Ўзбекистон мадҳияси 8 карра янграб, мамлакатимиз байроғи 13 марта баланд кўтарилди.
Президент бу юксак натижалар халққа катта ғурур бағишлаганини таъкидлаб, спортчиларни олқишлади:
"Шу кунларда бутун халқимиз Мустақиллик байрамининг руҳи ва шукуҳи билан яшамоқда. Сизлар эришган ёрқин ғалабалар энг улуғ ва қадрли байрамимизга муносиб совға бўлди. Сизларнинг қаҳрамонлигингиз ёшларимизга, чекка жойлардаги спортсевар болаларга куч-қудрат берди. Бутун халқимизни ғурурлантирди, янада бирлаштирди. Шараф сизларга, раҳмат сизларга!" деди Президент.
Давлат раҳбари спортчиларга, уларнинг устоз ва мураббийларига, спорт делегацияси аъзоларига миннатдорчилик билдирди. Шу кунларда Паралимпия ўйинларида қатнашаётган матонатли спортчиларимизга куч-ғайрат ва омад тилади.
Учрашувда 2028 йили Лос-Анжелесда бўладиган Олимпия ўйинларига тайёргарлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Сув спорти турлари, енгил атлетика, велоспорт, ўқ отиш ва камондан отиш, гимнастика бўйича федерациялар, шароит ва иқтидорли спортчилар борлиги, лекин натижалар камлиги кўрсатиб ўтилди. Чим устида хоккей, баскетбол, гандбол, регби, сув полоси каби жамоавий спорт турлари етарлича ривожланмаган. Юнон-рум кураши, от спорти, замонавий бешкураш, триатлон, қиличбозлик, эшкак эшиш, велоспорт каби спорт турлари бўйича ҳам ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўп.
Мазкур спорт федерациялари тегишли хулоса қилиб, келгуси Олимпиадагача катта тайёргарлик кўриши кераклиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, келгуси тўрт йилда спортчиларни тайёрлаш бўйича катта дастурлар қабул қилинади. Ҳар бир йўналишда спорт медицинаси, фармакологияси, диетологияси, психологияси ва муҳандислиги бўйича чет элдан малакали мутахассислар жалб этилади.
Бу борада “Олимпия шаҳарчаси”да мусобақалар ва ўқув-машғулотларни илғор хорижий тажрибалар асосида ўтказиш бўйича алоҳида тизим яратилади. Баҳодир Жалолов, Оксана Чусовитина мактаблари каби ихтисослашган спорт муассасалари ҳар бир ҳудудда, ҳар бир спорт йўналиши бўйича ташкил қилинади.
Бундан ташқари, жойларда, айниқса, маҳаллаларда янги-янги иқтидорларни кашф қилиш, уларни манзилли селекция асосида халқаро мусобақаларга тайёрлаш бўйича ҳам алоҳида дастур жорий этилади.
Зарур спорт инфратузилмасига эга бўлган 15 та Олимпия ва паралимпияга тайёрлаш маркази, 6 та Республика олий спорт маҳорати мактаби, 56 та ихтисослаштирилган спорт мактабига маҳаллий ва хорижий мураббийлар бириктирилади.
Давлатимиз раҳбари оммавий спортни ривожлантириш миллий олимпия ҳаракатининг ажралмас қисми бўлиши кераклигини таъкидлади. Ҳукуматга бу борада таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 23 августдаги фармонига мувофиқ, Париж шаҳрида бўлиб ўтган ХХХIII ёзги Олимпия ўйинларида юксак натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳи фахрий унвон ва орденлар билан тақдирланган эди.
Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Спортчи ва мураббийлар, ота-оналар сўзга чиқиб, юксак ҳурмат ва эътибор учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди.
LiveБарчаси