Мирзиёев Назарбоевга қўнғироқ қилиб, уни табриклади
Жамият
−
06 Июль 2022
6210Бугун, 6 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевни 82 ёшни қаршилагани билан табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Назарбоев ва Мирзиёев телефон орқали мулоқот қилган.
“Суҳбат аввалида давлат раҳбари Нурсултон Назарбоевни таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар тилади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, мулоқот чоғида кейинги йилларда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари юқори суръат билан ривожланиб бораётгани таъкидланган.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган.
Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Ўзбекистон раҳбарига табрик учун миннатдорлик билдириб, мамлакатдаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар изчил давом эттирилишига ишонч билдирган.
Суҳбат якунида Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев муборак Қурбон ҳайити билан бир-бирини самимий қутлаб, биродар халқларга тинчлик-осойишталик ва бардавом равнақ тилади.
Эслатиб ўтамиз, бугун Назарбоев 82 ёшни қаршилади. Қозоғистонда бу кун мамлакатда давлат байрами бўлган ва авваллари алоҳида миқёсда нишонланадиган Пойтахт кунига тўғри келади. Бироқ, 2022 йил 6 июль ҳолатига кўра, одатдагидан фарқли ўлароқ, кенг кўламли тадбирлар эълон қилинмади.
LiveБарчаси