Мирзиёев мисрлик тадбиркорлар билан учрашди. У энергетикадаги муаммоларни ҳал этишда Мисрдан фойдаланмоқчими?
Жамият
−
21 Февраль 2023
6723Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикасига расмий ташрифининг биринчи кунида ушбу мамлакат етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди.
Миср томонидан тадбирда халқаро ҳамкорлик бўйича вазир Рания ал-Машат, Савдо палаталари федерацияси президенти Иброҳим Маҳмуд ал-Арабий, “Elsewedy Electric”, “El Araby Group”, “Orascom Construction”, “Poliserve Group”, “Al-Rowad”, “Lotus Garments Group” каби йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Учрашувда ишбилармонлик ва тадбиркорлик алоқаларини кенгайтириш, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ўзаро инвестицияларни фаоллаштириш ва савдони ошириш учун катта имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Мирзиёев икки мамлакат ишбилармон доиралари биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан ўтмишда гуллаб-яшнаган Буюк Ипак йўлидек мустаҳкам ҳамкорлик кўприкларини қайта тиклашда муҳим ўрин тутишини кўрсатиб ўтди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш кўрсаткичлари ошгани, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони 6 баробар кўпайгани қайд этилди.
Давлат раҳбари куни кеча ўтган Ўзбекистон-Миср бизнес форумининг самарали натижаларини, унинг якунида умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик 20 дан зиёд битим ва шартномаларни амалга ошириш юзасидан аниқ келишувларга эришилганини юксак баҳолади.
Энергетика, электротехника, кимё, тоғ-кон, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, чарм-пойабзал тармоқларида саноат кооперацияси учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
“Миср компанияларига мамлакатимизда катта инвестиция дастурларини биргаликда амалга ошириш учун барча имкониятлар очиқ”, деди Шавкат Мирзиёев.
Ўз ўрнида Мисрнинг етакчи компаниялари вакиллари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади.
Бўлаётган янгиланишлар, иқтисодиётнинг либераллашуви ва қулай инвестиция муҳити яратилгани Миср бизнесининг Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини кенгайтириш учун катта имкониятлар очаётгани алоҳида қайд этилди.
Масалан, электр энергияси, трансформаторлар ва кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Мисрдаги энг йирик компания Ўзбекистонда шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш, трансформаторлар, кабель-сим маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди.
“Orascom Construction” Ўзбекистонда индустриал парк яратган ҳолда унинг ҳудудида лок-бўёқ маҳсулотлари ва қурилиш материаллари учун кимёвий моддалар ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, шунингдек, 100 МВт қувватли шамол электр станциясини қуришдан манфаатдор эканини маълум қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев билдирилган режа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон томонининг мутасаддиларига таклиф этилган лойиҳалар ижроси устидан қатъий назоратни таъминлаш топшириғини берди.
Учрашув якунида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва савдо-инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қўшма “йўл харитаси” қабул қилиниши белгилаб олинди.
LiveБарчаси