Мирзиёев Миқёси Нил иншоотига борди
Жамият
−
20 Февраль 2023
11283Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикасига расмий ташрифини Аҳмад Фарғоний мероси зиёратидан бошлади.
Маълумки, бу буюк ватандошимиз ўз даврининг етук астрономи, математиги ва географи бўлган, Бағдод ва Дамашқда илмий тадқиқотлар ўтказган, 856 йилдан эса Қоҳирада яшаб, умрининг сўнггига қадар Мисрда илм-фан билан шуғулланган.
Олим кўплаб муҳим кашфиётлар қилган. Жумладан, 861 йилда Нил дарёсидаги Равза оролида сув сатҳини ўлчайдиган иншоот барпо эттирган. “Миқёс ан-Нил” номи билан машҳур бу қурилма қишлоқ хўжалиги ва иқлимни баҳолашда жуда муҳим бўлган. Қарийб 1200 йил давомида иншоотдан ўтган асргача узлуксиз фойдаланилган. Бугунги кунда эса у туристик масканга айлантирилган.
2007 йилда Миқёси Нил яқинидаги хиёбонда Аҳмад Фарғонийга ҳайкал ўрнатилган. Президент Шавкат Мирзиёев унинг пойига гулчамбар қўйиб, мутафаккир бобомизнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Сўнг давлатимиз раҳбари Миқёси Нил иншоотини кўздан кечирди, унинг тарихи, Аҳмад Фарғоний илм-фанга қўшган ҳиссаси ҳақида олимлар билан суҳбатлашди. Улуғ алломанинг ҳозиргача сақланиб келаётган мероси, умуман, ўзбекларнинг Миср тарихидаги ўрни халқларимиз ўртасидаги азалий дўстликдан далолат бериши таъкидланди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15