Мирзиёев “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” саммитида иштирок этди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 июль куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этди.

Саудия Арабистони Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Шайх Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум, Кувайт Давлати Амири ўринбосари, Валиаҳди шайх Мишъал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ, Ўмон Султонлиги Бош вазири ўринбосари Асад бин Ториқ ал-Саид, Баҳрайн Подшоҳининг махсус вакили Шайх Носир бин Ҳамад Ал Халифа ҳамда Кенгаш бош котиби Жасим Муҳаммад ал-Будайвий ҳам қатнашди.

Саммитда кун тартибига мувофиқ, конструктив сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган. Минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилган.

Президент Мирзиёев ўз нутқида Марказий Осиё ва Кўрфаз минтақаси халқлари ўртасидаги муносабатлар тарихи узоқ эканини, яқин савдо алоқалари, муштарак қадрият ва анъаналар, муқаддас Ислом дини уларнинг асосини ташкил этишини алоҳида таъкидлаган. 

Мовароуннаҳр ва Арабистон диёрлари ўртасидаги тарихий алоқаларни ривожлантиришда буюк мутафаккир ва аллома боболарнинг беқиёс хизматлари борлиги қайд этилган. “Барча муҳаддисларнинг пешвоси” – улуғ аллома Имом Бухорий ана шундай сиймолардан биридир.

“Мусулмон дунёсидаги олтита буюк муҳаддиснинг икки нафари минтақамизда туғилиб камол топгани, қадимий Бухоро эса “Қуббатул Ислом” номи билан шуҳрат қозонганидан ғурурланамиз. Маълумки, тўққизинчи аср бошида Аббосийлар давлатининг пойтахтидаги “Донишмандлар уйи” академияси Марказий Осиёлик 200 дан ортиқ алломалар илмий фаолият олиб борганлар. Мусо Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино каби улуғ алломаларимиз эса бебаҳо илмий асарларини айнан гўзал ва мукаммал араб тилида яратиб, бутун дунёда шон-шуҳрат қозонганлар”, дейди Ўзбекистон раҳбари.

Ҳозирги вазиятга баҳо берар экан, мамлакат раҳбари бугунги хавф-хатарларга қарамай, иккала минтақа ҳам тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт макони бўлиб келаётганини билдирган. Айни пайтда Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатлари бир-бирларига ишончли ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида қараётганини урғулаган.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг Кўрфаз мамлакатлари билан алоқалари янги босқичга кўтарилгани мамнуният билан қайд этилган. 

Ушбу ижобий тажрибадан келиб чиқиб, минтақалар ўртасидаги амалий ҳамкорликни бир қатор йўналишларда кенгайтириш таклиф этилган.

Сиёсий соҳада. Ўзбекистон раҳбари кенг қамровли ҳамкорликни турли форматларда ривожлантириш муҳимлигини кўрсатиб ўтган. Биродар давлатлар ва халқларни янада яқинлаштириш мақсадида келгусида кўп томонлама Дўстлик, минтақалараро боғлиқлик ва ҳамкорлик Битимини ишлаб чиқиш масаласини ўрганиш таклиф этган. 

Иккинчи йўналиш – юқори технологиялар ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорлик. Давлат раҳбари инновациялар, “сунъий” интеллект, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, “ақлли қишлоқ хўжалиги”, нано- ва биотехнологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик платформалари ва ишчи механизмларини яратиш зарурлигини қайд этган. Бизнес вакиллари иштирокида Қўшма инвесторлар кенгашини таъсис этиш ва унинг дастлабки йиғилишини Самарқандда ўтказиш ташаббуси илгари сурган. 

“Минтақамизда Кўрфаздаги ҳамкорлар томонидан ташкил этилган инвестиция фондларининг салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва етакчи банклар фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдормиз. Шунингдек, “яшил” энергетика лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш мақсадида алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилиш муҳим, деб ҳисоблайман”, деган Ўзбекистон Президенти.

Учинчи йўналиш савдо ва транспорт боғлиқлигини кучайтиришдан иборат.

Давлат раҳбари Кўрфаз давлатлари билан эркин савдо режимини жорий этиш, техник регламентларни уйғунлаштириш ва электрон тижоратни ривожлантириш долзарб аҳамиятга эга эканини билдирган. Шу муносабат билан кўп томонлама Савдо битимини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масаласини ишлаб чиқишни таклиф этган.

Транспорт ва транзит соҳасида Ўрта транспорт коридорида энг мақбул тарифларни қўллаш, Афғонистон орқали мавжуд мультимодал йўлаклардан кенг фойдаланиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни мақсадли субсидиялаш ёрдамида кўпайтириш таклифини билдирган.

Давлат раҳбари ҳамкорларни Кўрфаз давлатларини энг яқин ва қулай йўл орқали минтақа билан боғлайдиган Транс-Афғон темир йўлини қуриш стратегик лойиҳасида фаол иштирок этишга чақирган. 

Навбатдаги муҳим йўналиш – экология ва иқлим ўзгариши масалалари. Ўзбекистонда очилаётган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети негизида биргаликда халқаро тадқиқотлар дастурини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланган. 

Иштирокчиларнинг эътибори бешинчи йўналиш – туризм соҳасига қаратилган. “Кўрфаз – Марказий Осиё” ягона визасиз сайёҳлик маконини ва туристлар учун мўлжалланган замонавий кластерларни яратиш, қўшма туристик маҳсулотларни кўпайтириш ҳамда 2024 йилда Ислом дунёси туризм пойтахти, деб эълон қилинган Хива шаҳрида минтақалар етакчи сайёҳлик операторлари форумини ўтказиш таклиф қилинган.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида дунёда кузатилаётган исломофобия ҳолатларига қарши биргаликда курашиш масаласига алоҳида тўхталинган.

Бундан ташқари, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши кураш соҳасида, шунингдек, бундай таҳдидларнинг интернет ва воситалар орқали тарқалишидан ёшларни ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини айтган. 

Ўзбекистон Президенти Афғонистонда тинчликка эришиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтган. 

“Бизнинг минтақаларимиз ташаббускор бўлиб, катта-катта минбарлардан Афғонистон муаммоларига бутун дунё эътиборини жалб этишимиз, афғон халқининг ҳаётини енгил қилишга муносиб ҳисса қўшишимиз керак”, деган Ўзбекистон раҳбари.

Сўзининг якунида Президент Мирзиёев бугунги тарихий саммит натижалари албатта Кўрфаз ва Марказий Осиё минтақалари ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни мутлақо янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишига ишонч билдирган. Йиғилиш якунида Қўшма баёнот қабул қилинган. 

Саммит иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги навбатдаги олий даражадаги учрашувни Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг