Мирзиёев “Марказий Осиё - Хитой” саммитида нутқ сўзлади (фото)
Жамият
−
19 Май 2023
8738Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 19 май куни Сиань шаҳрида “Марказий Осиё - Хитой” биринчи саммитида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Ўзбекистон Президенти ўз нутқида саммит асрлар давомида бутун Евроосиёнинг цивилизациявий ривожида, ўзаро боғлиқлиги ва тараққиётида муҳим омил бўлган Буюк Ипак йўлининг бошланиш нуқтаси бўлиб хизмат қилган кўҳна Сиань шаҳрида ўтаётгани рамзий маънога эгалигини таъкидлади.
“Пандемия синовларини енгиб ўтган мамлакатларимиз глобал миқёсда ишонч инқирозининг салбий оқибатларига дуч келди. Марказий Осиё учун муҳим бўлган одатдаги транспорт-логистика занжирларида жиддий узилишлар, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги учун таҳдидлар, инфляция импорти ўсиб бораётгани ортидан ижтимоий кескинлик хатарлари ва бошқа муаммолар биздан янада яқин мувофиқлашув ва амалий ҳамкорликни талаб қилмоқда”, деди Мирзиёев.
Бугун Марказий Осиё мулоқот ва кенг кўламли ҳамкорлик учун очиқ, ҳамжиҳат ва кучли минтақа экани мамнуният билан қайд этилди.
Саъй-ҳаракатларни янада мувофиқлаштириш ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Президенти савдо, инвестиция, транспорт ва гуманитар соҳалардаги минтақавий шерикликни узоқ муддатли кун тартиби, истиқболли режа ва вазифалар асосида ривожлантириш бўйича қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Стратегик ёндашувлар, комплекс тавсия ва ечимларни, минтақавий ва глобал миқёсда туб ўзгариш ясайдиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш мақсадида олти мамлакатнинг етакчи “ақл” марказлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди. Буни муҳокама қилиш учун майдон сифатида келгуси йилда Самарқандда Миллий ривожланиш стратегияларини ўзаро боғлаш масалалари бўйича халқаро экспертлар конференциясини ўтказиш таклиф қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев минтақа мамлакатларининг барқарор ривожи учун зарур шароитларни шакллантириш, бунда асосий эътиборни камбағалликка қарши самарали курашишга қаратиш масалаларига алоҳида тўхталди.
“Ҳудудларда, энг аввало қишлоқ жойларда турмуш даражасини ошириш ва уларни ривожлантириш бўйича аниқ вазифалардан иборат қўшма дастурни қабул қилсак ва амалга оширсак, бу халқларимиз томонидан қўллаб-қувватланиши ва 2030 йилга қадар кун тартиби мақсадларига эришишга умумий ҳиссамиз бўлишига ишонаман”, деди Ўзбекистон етакчиси.
Давлат раҳбари Янги иқтисодий мулоқотни шакллантириш ва ўзаро боғлиқликни кучайтириш, 2030 йилга бориб минтақа мамлакатларининг Хитой билан товар айирбошлаш ҳажмини икки баравар ошириш ташаббусини илгари сурди.
Ушбу вазифани саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни мутаносиб ошириб бориш, самарали савдо-логистика инфратузилмаси ва замонавий улгуржи-тақсимот тармоқлари, “яшил” ва экспресс йўлаклар, электрон тижорат учун умумий платформаларни йўлга қўйиш орқали рўёбга чиқариш таклиф қилинди.
Қулай шароитлар ва зарур ҳуқуқий асосларни шакллантириш учун Ўзаро савдога кўмаклашиш ва инвестицияларни рағбатлантириш тўғрисида кўп томонлама битимни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқиш таклифи билдирилди.
Президентимиз иштирокчилар эътиборини саноат кооперациясини кенгайтириш, рақамли технологияларни жалб қилиш ва инновацияларни жорий этиш масалалари Хитой музофотлари билан тўғридан-тўғри ҳудудлараро алоқалар орқали самарали ҳал этилиши мумкинлигига қаратди.
Шундай амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, биродарлик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда Ўзбекистонда олти мамлакат шаҳар ва ҳудудларининг форуми ва кўргазмасини ўтказиш таклиф қилинди.
“Хитойни минтақамиз билан боғлайдиган, Европа, Яқин Шарқ ва Африкага олиб чиқадиган хавфсиз ва энг қисқа транспорт йўлакларини ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга. Буюк Ипак йўлини қайта тиклашда Транс-Евроосиё магистрали лойиҳаси устувор аҳамиятга эга бўлиб, “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” автомобиль ва темир йўллари эса унинг муҳим таркибий қисми бўлади”, деди Президент.
Транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича миллий дастурларни ўзаро боғлаш ва шу асосда узоқ муддатли ягона стратегияни ишлаб чиқиш биринчи галдаги вазифа экани кўрсатиб ўтилди.
Иқлим кун тартиби ва “яшил” энергетика масалалари бўйича ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратиш таклиф қилинди.
“Афсуски, Марказий Осиёда энергетик инфратузилманинг ривожланиш суръатлари индустриаллашув ва урбанизация шиддатидан, демографик ўсишдан ортда қолмоқда. Бугун бу мамлакатларимизнинг узоқ муддатли барқарор тараққиёти учун жуда жиддий хавф туғдиради”, деди Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев.
Хитой қуёш, шамол ва сув энергетикасида технологик жиҳатдан етакчи эканини ҳамда мавжуд молиявий воситаларни ҳисобга олиб, муқобил энергетикада янада яқин илмий-амалий шерикликни йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди.
Бундан ташқари, Оролбўйининг экологик муаммоларини ҳал қилиш, биохилма-хилликни ҳимоя қилиш, музликлар ва тупроқни асраш, сув тежовчи технологияларни жорий қилишда самарали ҳамкорлик қилишга интилиш билдирилди.
Ўзбекистон Президенти Хитойнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставидаги хавфсизлик бўлинмаслиги ва тинч тараққиёт принципларига асосланган глобал ташаббусини қўллаб-қувватлаб, бугун минтақамизда барқарорлик ва хавфсизлик масалалари бўйича қарор топган мулоқотни юқори баҳолади.
“Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги Мулоқот гуруҳи ва Афғонистонга қўшни мамлакатларнинг мулоқотидан ўзаро келишилган позицияни ишлаб чиқиш ва ушбу мамлакатда гуманитар ҳалокатга йўл қўймаслик чоралари кўриш учун тўлиқ фойдаланиш муҳим, деб ҳисоблаймиз”, деди Ўзбекистон раҳбари.
Гуманитар алмашинувлар, кўргазмалар, концерт ва ижодий сафарлар, қўшма спорт тадбирларини мунтазам ўтказишни давом эттириш, уларга ёшларни кенг жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди. Шу муносабат билан келгуси йилда Ёш истеъдодлар форумини биргаликда ўтказиш таклиф қилинди.
Давлат раҳбари нутқини якунлар экан, ушбу мамлакатлар стратегик шерик ва ишончли дўстлар эканини қайд этди.
“Халқаро муносабатларда зиддиятлар ва ноаниқликлар кучайиб бораётган бугунги шароитда биз бир-биримизни қўллаб-қувватлаяпмиз ва халқларимиз учун фаровон келажак барпо этаяпмиз”, деди Президент.
Шу маънода Хитой томонининг Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги дўстлик ва шерикликни мустаҳкамлаш учун бундай учрашувларни мунтазам ўтказиб бориш ташаббуси қўллаб-қувватланди.