Мирзиёев марҳум Исмоил Жўрабековнинг уйига бориб, оиласига ҳамдардлик билдирди

Олам

image

Атоқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков жорий йил 28 сентябрь куни вафот этган эди. Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 6 октябрь куни таъзияли хонадонга ташриф буюрди. Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари марҳумнинг эзгу ишларини, Ватанга хизматларини ёдга олди.

Исмоил Жўрабеков 1931 йил 12 сентябрда Самарқанд шаҳрида ишчи оиласида туғилган. Меҳнат фаолияти давомида сув хўжалиги соҳасида масъул лавозимларда меҳнат қилиб, республикада ирригация ва мелиорация соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган. 1985 йилда Ўзбекистон Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Мустақиллик йилларида Исмоил Жўрабеков Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Давлат сув назорати бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси лавозимларида ҳам самарали фаолият олиб борди.

Сўнгги йилларда Исмоил Жўрабеков мўътабар ёшда бўлишига қарамасдан, сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси сифатида хизмат қилиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этди.

Давлат ва жамоат арбобининг хизматлари муносиб баҳоланиб, у “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” фахрий унвони ҳамда давлатнинг бир қатор юксак мукофотлари билан тақдирланган эди.

Давлат раҳбари марҳумнинг фарзандлари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилади. Улар Президентга ташрифи ва далда сўзлари учун миннатдорлик билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Исмоил Жўрабеков

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг