Мирзиёев Кўксаройда Вучич билан нималар ҳақида гаплашди?
Жамият
−
28 Октябрь 3362 2 дақиқа
Бугун, 28 октябрь куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Президенти Александр Вучичнинг расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Унда Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди. Президент Мирзиёев Сербия етакчисини самимий қутлар экан, ҳамкорлик давридаги биринчи саммит тарихий аҳамиятга эга бўлишини ва Ўзбекистон – Сербия муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишини таъкидлади.

“Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётган йилда расмий ташрифингиз тарихий воқеадир. Ўзбекистонда Сербияга катта хайрихоҳлик билан қарашади. Халқларимизни мустаҳкам дўстлик ришталари ва ўхшаш менталитет боғлаб туради”, деди Ўзбекистон раҳбари.
Музокараларда алоҳида эътибор товар айирбошлашни кўпайтириш, машинасозлик, фармацевтика, кимё саноати, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш, агросаноат мажмуи, туризм ҳамда кўплаб бошқа муҳим тармоқларда кенг кўламли кооперация дастурини тайёрлаш масалаларига қаратилди.

“Марказий Осиё – Болқон” йўналишида янги транспорт йўлакларини, жумладан, Транскаспий коридори доирасида ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Ҳамкорликнинг иқтисодий кун тартибини илгари суриш мақсадида 2026 йилда Тошкент шаҳрида Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олинди.

Шунингдек, тартибли меҳнат миграцияси, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Эслатиб ўтамиз, бироз аввал Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Сербия Республикаси Президенти Александр Вучични расмий кутиб олиш маросими ўтказилганди.
Live
Барчаси