Мирзиёев хусусий ОАВда пухта таклиф берилаётганини айтди
Жамият
−
20 Июнь 2022
7439Ўзбекистон хусусий оммавий ахборот воситалари фаол ишлаяпти ва яхши таклифларини ошкора илгари сурмоқда. Бугун, 20 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда ОАВ фаолиятига тўхталиб, шундай фикр билдирди.
“Нима учун бугун ҳам ОАВ тўғрисида кўпроқ гапиряпмиз? Улар яхши томонимизни ҳам ёмон томонимизни ҳам ёритадиган жарчи. Мен ҳар сафар қаерга борсам нима учун ОАВ ходимлари билан учрашиб, гаплашаман? Биласизми, ўзингиз тасаввур қилинг 5 йил олдин ОАВда битта телевизордан бошқа нима бор эди? Ҳеч бало йўқ эди-ку. Пресс-клуб ёки бошқа-бошқа йўналишлар бормиди?”, дейди давлат раҳбари.
Шунингдек, Президент бугунги кунда хусусий ОАВ фаолиятига баҳо бериб, уларда берилаётган таклифлар мукаммал эканини урғулади.
“Ҳозир ҳамма хусусий каналларни қаранглар. Ҳар куни 10 хил фикр, 20 та эмас, 30 тадан таклиф бор. Мен ўзим кечқурун бўлса ҳам ухламасдан кўрганимда, ёзиб оламан. Таклифларнинг 50-60 фоизи жуда мукаммал ва тўғри. Кўп нарсалар давлат телеканалларда йўқ, хусусийда бор. Одамларни гапиртиряпти улар, одамлар ўз фикрини айтяпти. Кечирасизлар, “5 йилда яна қандай ислоҳотлар ёки эмин-эркинлик керак?”, деган саволга ҳам жавоб топишимиз керак-ку. Шунинг учун буларнинг ҳаммасини амалга ошириш бўйича бизга сиёсатимизнинг бардавомлиги керак. Ҳаётимизнинг ватанимизнинг тинчлиги керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.