Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг йиғилишини ўтказди
Жамият
−
15 Август 2019
5742Бугун, 15 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг Ўзбекистон ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятининг асосий натижалари ва истиқболдаги устувор йўналишларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Бош прокуратура, ташқи ишлар, инвестициялар ва ташқи савдо, мудофаа, ички ишлар вазирликлари, ДХХ Чегара қўшинлари, Мудофаа саноати давлат қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлике кенгаши котиби иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан биргаликда эришилган амалий натижалар, глобал тенденциялар, шунингдек, жаҳон ва минтақада барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солаётган замонавий хатарлар кўриб чиқилди. Кейинги йилларга мўлжалланган ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг асосий вазифалари белгилаб олинди.
Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган очиқлик ва ишонч сиёсати туфайли Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва ўзаро англашувга асосланган мутлақо янги сиёсий муҳим шакллангани таъкидланди.
Бундан ташқари, олий даражадаги тадбирлар натижасида анъанавий дўстона муносабатлар ўрнатилган мамлакатлар, жумладан, Россия, Хитой, АҚШ,
Жанубий Корея, Туркия, Германия, Франция, Осиё қитъаси давлатлари билан ҳамкорлик салмоқли даражада мустаҳкамланди.
Асосий ташқи иқтисодий ҳамкорлар билан ўзаро савдо ҳажмлари барқарор ортиб бораётгани, Марказий Осиёда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани, ҳудудлараро ҳамкорлик фаоллашгани қайд этилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан, жумладан, парламент томонидан қатъий назоратни таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистоннинг БМТ, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ каби нуфузли халқаро ташкилотлар фаолиятидаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу тузилмалар доирасида мамлакат ташаббусларини илгари суришга доир вазифалар белгиланди.
Йиғилишда шу давргача амалга оширилган ишлар танқидий баҳоланди ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига ҳамкор давлатлар билан ўзаро манфаатли мулоқотни йўлга қўйишни давом эттириш, шунингдек, икки ва кўп томонлама алоқалар доирасида миллий манфаатларни таъминлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
LiveБарчаси