Мирзиёев келаси ҳафта Францияга боради
Жамият
−
18 Ноябрь 2022
7934Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан жорий йилнинг 21-22 ноябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф дастурида Париж шаҳрида олий даражадаги икки томонлама музокаралар, Франция Парламентининг қуйи палатаси – Миллий йиғинида учрашув ҳамда ушбу мамлакатнинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари иштирокида ишбилармонлик тадбирларини ўтказиш кўзда тутилган.
Кун тартибидан конструктив сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, фаол гуманитар ва таълим алмашинувларини давом эттириш масалалари ўрин олган.
Саммит якунида ўндан ортиқ муҳим икки томонлама ҳужжатлар, шунингдек, инвестиция битимлари ва савдо шартномалари тўпламининг қабул қилиниши режалаштирилган.
Ташриф кунлари Франция пойтахтидаги жаҳонга машҳур Лувр музейи ва нуфузли Араб дунёси институтида Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий меросига бағишланган ноёб кўргазмалар очилади.
Бундан ташқари, шу кунларда Парижда Франциянинг “MEDEF” тадбиркорлар ҳаракати кўмаги билан ташкил этилган бизнес форум бўлиб ўтмоқда.