Мирзиёев Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини текширди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи “Термиз” дала ўқув майдонида Мудофаа вазирлиги қўшинларининг бригада тактик ўқувини кузатди.

Президент Матбуот хизматининг ёзишича, ушбу машғулотлар жаҳонда кузатилаётган ҳарбий ҳаракатлар хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ўтказилган.

Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони дала ўқув майдонида ҳарбий хизматчилар билан олиб борилаётган 20 дан ортиқ ўқув жойларидаги жанговар тайёргарлик машғулотлари билан танишган. Шунингдек, дала шароитида мобил техник-таъмирлаш заводининг имкониятлари, қўмондонлик бошқарув пункти фаолияти кўздан кечирилган.

“Президентимиз ташаббуси билан сўнги олти йил давомида Мудофаа тизимидаги барча дала ўқув майдонлари, ҳарбий қисм ва муассасаларда халқаро талаблар асосида қурилиш ва таъмирлаш, замонавий воситалар билан жиҳозлаш ишлари олиб борилди”, деб ёзмоқда Президент Матбуот хизмати.

Таъкидланишича, “Термиз” дала ўқув майдонида ҳам Қуролли Кучлар шахсий таркибининг дала шароитида жанговар билим, кўникма ва руҳий таёргарлигини ошириш, тактик ўқувларни ўтказиш ҳамда ҳарбий санъат соҳасида изланишлар олиб бориш, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини оширишга қаратилган энг илғор шароитлар яратилган.

Давлат раҳбари ушбу шароитларни кўздан кечирган.

Шу ерда бригада тактик гуруҳи шахсий таркиби билан мулоқот ўтказилган. Президент дунёда ахборот хуружи тобора авж олаётган бугунги кунда Қуролли Кучлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, халқ ва армия бирдамлигини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этиши кераклигини таъкидлаган.

Мирзиёев қўшинларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг