Мирзиёев қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишиб чиқди
Жамият
−
10 Март 2023
7391Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 10 март куни қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Мамлакат тараққиёти ва ҳаёт талаби билан бунёдкорлик кўлами ортмоқда. Айниқса, Тошкент шаҳрида жуда кўп ижтимоий-иқтисодий иншоотлар қурилди. Давлат раҳбари бу масалани алоҳида эътиборга олиб, пойтахтнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш, келгусидаги қурилишларни шаҳар ташқарисида қилиш вазифасини қўйган эди.
Шунга мувофиқ, Янги Тошкент шаҳарчаси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Тақдимотда Президентга шу ҳақида ахборот берилган.
Унга кўра, биринчи босқичда 6 минг гектарда бунёдкорлик ишлари режалаштирилган. Шундан келиб чиқиб, истиқболли қурилиш ҳудудлари, янги шаҳар билан пойтахтни бирлаштирувчи асосий йўллар схемалари ишлаб чиқилган.
Шаҳарча янги маъмурий ва иқтисодий марказ бўлади. Пойтахтнинг шарқий қисмида, Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманлари ҳудудида барпо этилади. 800 минг аҳолига мўлжалланган бўлади.
У ерда вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш ташкилотлари, театр, кутубхона, меҳмонхоналар, турар жой бинолари, боғлар ўрин олади. Хусусан, яшил ҳудудлар 363 гектарни ташкил қилиши кўзда тутилган.
Маълумки, Самарқанд вилоятида Имом Бухорий мажмуаси янгидан барпо этилмоқда. Бугунги кунда бинолар қуриб битказилиб, пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Мажмуа деворлари миллий нақшлар билан сайқалланади, наққошлик ва хаттотлик санъати уйғунлашади. Унинг деворларига қадимий услубда Қуръони карим суралари ва ҳадислар ёзилади.
Президент ташаббуси билан мажмуада Имом Бухорий музейи ҳам ташкил этилиши режалаштирилган. Тадбирда ушбу музейнинг концептуал лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилган.
Музей бой маданий қадриятларни ўзида жам қилиш баробарида замонавий дизайнга эга бўлади. 8 та павильон, хусусан, Муҳаммад алайҳиссалом ва нубувват тарихи, ҳадис илмининг пайдо бўлиши ва ривожланиши, Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти, Имом Бухорий фазилатлари, болалар бўлими, “Ал-жоме ас-саҳиҳ” – ислом динининг иккинчи манбаси, Имом Бухорий меросининг бугунги кундаги аҳамияти, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий ислоҳотлар ва Имом Бухорий меросига эътибор каби мавзуларга бўлинади.
Давлат раҳбари музейдан ўрин олган ҳар бир ашё ва визуал маълумот зиёратчиларга маърифат етказиши кераклигини алоҳида қайд этди.
Мамлакатда бизнес муҳит яхшилангани сари ташқи савдо алоқалари ҳам кенгайиб бормоқда. Бунга мутаносиб равишда божхона инфратузилмасини ҳам ривожлантириш зарурати туғилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарадаги “Ғишткўприк” божхона пости орқали ҳар куни кўплаб инсонлар ўтади.
Шу боис мазкур божхона пости учун замонавий мажмуа барпо этиш режалаштирилган. Янги терминал, автомобиль йўли, автотураргоҳ, ошхона, тиббиёт хонаси, савдо ва маиший хизмат шохобчалари барпо этилиши кўзда тутилмоқда.
Президент мажмуада йўловчилар учун барча қулайликларни яратиш, божхона назорати ва юкларни ўтказиш жараёнини рақамлаштириш бўйича кўрсатмалар берган.
Тақдимотда, шунингдек, мамлакатнинг Бирлашган Араб Амирликлари ва Озарбайжон Республикасидаги элчихоналарининг янги бинолари лойиҳалари ҳақида ҳам ахборот берилган.
LiveБарчаси