Мирзиёев Қозоғистондаги ўзбекистонлик муҳожирларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳужжатни тасдиқлади
Жамият
−
05 Март 2021
5633Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-5008-сон қарор имзоланди. Бу ҳақда “Норма” хабар берди.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Қозоғистондаги Ўзбекистоннинг фуқаролари бўлган меҳнаткаш-мигрантлар ва Ўзбекистондаги Қозоғистоннинг фуқаролари бўлган меҳнаткаш-мигрантларнинг меҳнат фаолияти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Битим тасдиқланди. Битим 2019 йил 15 апрель куни Тошкент шаҳрида имзоланган.
Битим иккала давлат ҳудудида миграция жараёнларини тартибга солиш ҳамда ноқонуний миграцияга қарши курашишга қаратилган.
Унда қуйидаги атамалар қўлланилган:
• меҳнаткаш-мигрант – бир Томон давлатининг фуқароси ҳисобланган, 18 ёшга тўлган, бошқа Томон мамлакати ҳудудига қонуний асосда келган ва унда қонуний асосида ҳақ тўланадиган меҳнат фаолиятини амалга оширадиган шахс;
• меҳнат фаолияти – меҳнаткаш-мигрантнинг тузилган шартномага асосан, қабул қилувчи давлатнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда амалга ошириладиган иш фаолияти;
• иш берувчи – меҳнаткаш-мигрантлар билан тузилган шартномалар асосида, қабул қилувчи давлатнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда меҳнашкашларнинг меҳнатидан фойдаланадиган юридик ёки жисмоний шахс;
• қабул қилувчи давлат – меҳнаткаш-мигрант меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида ҳудудига келган Томон давлати.
Мигрантларнинг қуйидаги ҳуқуқлари мустаҳкамланган:
• қабул қилувчи давлат қонунчилигигига ҳамда меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ дам олиш;
• атрофдагиларга хавф соладиган ўткир юқумли касалликларга чалинганда кафолатланган бепул тиббий ёрдам олиш, агар бу давлат иштирокчиси бўлган халқаро шартномаларда бошқача қоидалари назарда тутилмаган бўлса. Касалликлар рўйхати қабул қилувчи давлат қонунчилигида белгиланади;
• қабул қилувчи давлатнинг ваколатли органларидан қабул қилувчи давлат ҳудудига келиш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш шартлари ва тартибига тааллуқли маълумотларни олиш ва бошқалар.
Меҳнаткаш-мигрантларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларнинг даромадларига солиқ солиш, пенсия ва ижтимоий таъминоти, меҳнатда майибланганлик ҳолатларида ёки вафот этган тақдирда тўловлар ва компенсациялар тўланиши, шунингдек меҳнат вазифаларини бажариш пайтида майибланганлик, касб касаллигига чалинганлик ёки соғлиғига бошқача тарзда шикастланганлик оқибатида етказилган зарарни қоплаш масалалари тартибга солинган.
Шунингдек Битимда маълумоти тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиб-таомиллари ҳам белгиланган.
Бундай мақсадларда қабул қилувчи давлатнинг ҳудудида меҳнаткаш-мигрантлар томонидан меҳнат фаолиятни амалга ошириш учун маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар қабул қилувчи давлат қонунчилигида белгиланган тартиб-таомилларидан ўтказилмаган ҳолда тан олинади. Тегишли маълумотга эга, педагогика, тиббиёт ёки фармацевтика фаолияти билан шуғулланишга ҳақли бўлган меҳнаткаш-мигрантларнинг маълумоти тўғрисидаги ҳужжатлар қабул қилувчи давлатнинг қонун ҳужжатларида тан олиш юзасидан белгиланган тартиб-таомиллардан ўтказилади. Уларга қабул қилувчи давлатнинг қонунчилигида белгиланган тартибда мазкур фаолият билан шуғулланишларига рухсат берилади.
Битим билан бошқа жиҳатлар ҳам тартибга солинган.