Мирзиёев Германиянинг 30 га яқин компания раҳбарлари билан учрашди
Жамият
−
03 Май 2023
6364Ўзбекистонда германиялик ҳамкорлар иштирокида умумий қиймати 5 миллиард евродан зиёд 60 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 3 май куни Германияга ташрифи доирасида мамлакатнинг 30 га яқин етакчи компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан учрашувида маълум қилинди.
Хабар қилинишича, Германия томонидан тадбирда Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси, Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши, Германия энергетика агентлиги, “CLAAS”, “Knauf”, “Siemens Energy”, “Lasselsberger”, “Aurubis”, “Linde Group”, “Gunter Papenburg”, “Falk-Porsche-Technik”, “Mangold Consulting”, “DB Engineering”, “Landesbank”, “Commerzbank”, “KfW Bank”, “Deutsche Bank” каби ўттизга яқин энг йирик компания ва банклар раҳбарлари қатнашди.
Бундай форматдаги мулоқот илк бор 2019 йил январида, давлат раҳбарининг ГФРга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтган. Натижада Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш бўйича бир қатор юқори технологик лойиҳалар ишга туширилиб, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шериклик сезиларли равишда фаоллашди.
Ўзбекистон Президенти учрашув бошида Германия билан муносабатларда юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат қарор топганини алоҳида қайд этган. Ўзбекистонда германиялик ҳамкорлар иштирокида умумий қиймати 5 миллиард евродан зиёд 60 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилаётгани маълум қилинган.
Охирги йилларнинг ўзида Германия инвестициялари ҳажми 4 миллиард еврони ташкил қилди, қўшма корхоналар сони икки баробарга кўпайди. Ўзбекистонда “CLAAS”, “Knauf”, “Gunter Papenburg”, “Линде Гроуп” ва “Falk-Porsche-Technik” каби Германия иқтисодиётининг “локомотивлари” муваффақиятли иш олиб бормоқда.
Куни кеча ўтган Ўзбекистон-Германия бизнес форуми доирасида саноат кооперациясини ривожлантириш ва технологик шерикликни кенгайтириш бўйича 9 миллиард евролик янги савдо, молия ва инвестиция битимлари имзоланган.
“Яшил” энергетика, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, металлургия, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, кимё, тоғ-кон, автомобиль, тўқимачилик, электротехника саноати ва бошқа йўналишлардаги катта лойиҳалар шулар жумласидан.
Банк-молия соҳасида, шу жумладан Германиянинг “Деутсче Банк”, “Cоммерзбанк”, “КфW” ва “Ландесбанк” каби энг йирик банклари билан лойиҳаларни молиялаштириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётидаги кенг кўламли ва жиддий тебранишлар шароитида Германия бизнеси учун самарали ва ишончли макон бўлишга тайёрлигини таъкидлаган. Шу мақсадда инвесторлар учун зарур шароитлар ва имкониятлар, қулай фискал тизим яратилган – солиқлар сони камайтирилган, ҚҚС ставкалари пасайтирилган, бир қатор божхона божлари бекор қилинган.
“Хорижий инвестор Ўзбекистон деганда, биринчи навбатда, барқарорлик, ишончлилик ва келажак учун хотиржамликни кўз олдига келтириши лозим. Ҳар бир германиялик тадбиркор мамлакатимизда ўзини эркин ва дадил ҳис этиши учун барча шароитларни яратишга тайёрмиз. Германиянинг илғор ишланмалари ва инновацион технологияларни Ўзбекистоннинг ресурслари ва инсон салоҳияти билан бирлаштирсак, катта натижаларга эриша оламиз”, дейди Президент.
ГФР ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий аҳамиятини юқори баҳолаган.
“Учрашувда Германия компаниялари раҳбарлари аниқ таклифларини айтди. Устувор соҳаларда юқори технологик ва инновацион ечимларни жорий қилган ҳолда амалий ҳамкорликни давом эттириш ва кооперацияни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди”, дейилади хабарда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташриф доирасида эришилган келишувларни амалга оширишни назарда тутувчи “йўл харитаси”ни тасдиқлашга топшириқ берди.