Мирзиёев Германия канцлери Меркель билан онлайн мулоқот ўтказади

Жамият 2385
image
-

Жорий йилнинг 12 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал канцлери Ангела Меркель видеоанжуман шаклида учрашув ўтказадилар.

Икки мамлакат етакчилари кўп қиррали Ўзбекистон-Германия шериклигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқишлари кўзда тутилган.

Олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга ошириш, конструктив сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликка доир қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Музокараларда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил январь ойида расмий ташриф билан Германия Федератив Республикасида бўлди, ўша йилнинг май ойида эса Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келди.

Германия Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий, инвестициявий ва технологик шерикларидан биридир.

Ўтган йил якунларига кўра ўзаро товар айирбошлаш 829 миллион долларни ташкил этган, мамлакатда Германиянинг 700 миллион доллардан зиёд инвестициялари ўзлаштирилган. Ўзбекистонда 200 га яқин қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 47
Рейтинг: 3.1
t
×