Мирзиёев Эрон ва Беларусни ШҲТга қўшиш қайси босқичдалигини айтди

Жамият 6074
image

Беларусга Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзолигини бериш жараёнига старт берилди. Бу ҳақда бугун, 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг тор доирадаги мажлисидаги нутқида айтиб ўтди.

Президент ШҲТ таркиби кенгайиб, шериклик муносабатларимиз ривожланиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, Эрон Ислом Республикасининг Ташкилотга тўлақонли аъзо сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандум имзолангани эслатиб ўтилди.

Шунингдек, Миср Араб Республикаси ва Қатар Давлатига мулоқот бўйича шериклар мақоми берилгани, Беларусь Республикасига ШҲТнинг тўлақонли аъзоси, Баҳрайн Подшоҳлиги, Кувайт Давлати, Мальдив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянма Иттифоқи Республикасига – мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш жараёнлари бошлангани қайд  этилди.

“ШҲТнинг географик қамрови кенгаяётгани ўз мисолида самарадорлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва амалий саъй-ҳаракатларни намойиш этаётган Ташкилотимиз фаолиятининг долзарблигини яна бир тасдиқламоқда”, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақомини ва унинг очиқлигини сақлаб қолиш муҳим эканини қайд этди. 

“Биз хавфсизликнинг яхлитлик тамойилига қатъий риоя қиламиз. ШҲТнинг фаолияти кенг ҳамкорликка йўналтирилган бўлиши лозим. Марказий Осиё ШҲТнинг "географик ядроси" мақомини сақлаб қолиши кераклигига ҳам ишончимиз комил”, деди у.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 183
Рейтинг: 2.9
t
×