Мирзиёев Ротшильд бошчилигидаги делегацияни қабул қилди

Жамият 5711
image

Бугун, 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтаётган Иқтисодий форум тадбирларида иштирок этаётган “Rothschild&Co” компанияси кузатув кенгаши раисининг ўринбосари барон Эрик де Ротшильд бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Ушбу нуфузли халқаро консалтинг ва инвестиция компанияси билан мамлакатдаги янги иқтисодий ислоҳотлар дастури доирасидаги устувор лойиҳаларни илгари суришда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

“Coca-Cola Uzbekistan” корхонасидаги давлат улушини хорижий инвесторга сотиш бўйича келишувни амалга ошириш жараёнида муваффақиятли ҳамкорлик қилингани мамнуният билан қайд этилди.

Бундан ташқари, мамлакат миллий энергетика компанияларини трансформация қилиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш борасида қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш, банк секторини ислоҳ қилиш, виночиликни ривожлантириш масалаларида юқори малакали консультация хизматларини жалб қилиш ҳамда гуманитар алмашинув дастурларини амалга оширишдаги имкониятлар алоҳида қайд этилди.

Янги имкониятларни ўрганиш ва истиқболдаги шериклик лойиҳаларини тайёрлаш учун қўшма ишчи гуруҳни шакллантиришга келишиб олинди.

Маълумот ўрнида, Rothschild & Co – молиявий холдинг компанияси Ротшильдлар оиласининг француз ва инглиз филиаллари томонидан назорат қилинади. Rothschild & Co – бу Ротшильд гуруҳини бошқарувчи Ротшильд банк гуруҳининг етакчиси, шу жумладан N. M. Rothschild & Sons и Rothschild & Cie Banque. Дастлаб, компания Paris Orléans SCA деб номланган, 2015 йил 24 сентябрда умумий йиғилишда Rothschild & Co деб ўзгартирилган.

Ротшильд банк гуруҳининг банк бизнеси қуйидаги соҳаларни қамраб олади: инвестиция банки, корпоратив банк, хусусий капитал, активларни бошқариш, хусусий банк ва бошқалар. Бундан ташқари,  Rothschild & Co’нинг шахсий инвестиция ҳисоби бор. 

2018 йил 17 апрелдан бошлаб компания бошқарувига Девид де Ротшильднинг ягона ўғли – Александр Гай Франческо де Ротшильд (Ротшилдлар оиласининг еттинчи авлоди вакили) раҳбарлик қилган. Тайинланишидан олдин у компанияда 10 йилдан ортиқ турли лавозимларда, шу жумладан раис ўринбосари лавозимида ишлаган.

Ротшильдлар – тарихи XVIII асрнинг охирига бориб тақаладиган яҳудий банкирлари ва жамоат арбобларининг Европадаги сулоласи. 1816 йилда Австрия императори Франц ИИ Ротшильдларга барон унвонини берди. Ротшильдлар Австрия зодагонларининг юқори жамиятига мансуб бўла бошладилар. Ротшильдлар XIX асрдан, АҚШда Федерал захира тизими яратилгандан кейин дунёдаги энг катта бойликка эга бўлган, деб ишонилади. 

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 192
Рейтинг: 3
t
×