Мирзиёев Элбошини туғилган куни билан табриклади. Афғонистон масаласи муҳокамада

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 6 июль куни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти — Элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев Элбошини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, биродар Қозоғистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган.

Нурсултон Назарбоевнинг замонавий Қозоғистонни барпо этиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишдаги алоҳида ўрни, Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда минтақада барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга қўшаётган катта ҳиссаси алоҳида қайд этилган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм соҳаларидаги устувор лойиҳаларни, маданий-гуманитар соҳадаги қўшма дастурларни илгари суриш муҳим экани таъкидланган.

Шунингдек, минтақавий кун тартиби, энг аввало, Афғонистонда кескинлашаётган вазият юзасидан фикр алмашилган.

Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси, шу жумладан Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Фахрий раислик қилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувини ўтказиш масаласи кўриб чиқилган.

Икки биродар мамлакат етакчиларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек самимий, ишончли ва дўстона руҳда ўтди.

Нурсултон Назарбоев 1940 йил 6 июлда Олма-ота вилоятининг Қаскелен туманидаги Чемолған қишлоғида Абиш ва Алжан Назарбоевларнинг оиласида дунёга келган. Нурсултон Назарбоев Катта жузнинг шапрашти уруғига киради.

Нурсултон Назарбоев 1960 йил Днепродзержинск техник училишини, 1967 йил Қарағанда металлургия комбинатига қарашли олий техник ўқув юртини, 1976 йил Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий қўмитасига қарашли Олий партия мактабини битирган. 

Хизмат йўлини 1960 йил Темиртау шаҳридаги Қарағанди металлургия комбинатида оддий ишчи бўлиб бошлади ва домна сехининг катта газчиси вазифасигача кўтарилди. 

1960—1969 йилларда — Қарағанди металлургия заводида ишлади. 
1969—1973 йилларда  — Қарағанди вилояти Темиртау шаҳридаги партия-комсомол ишларида маъсулятли хизматлар қилди. 
1973—1977 йилларда — Қарағанди металлургия комбинатининг портком котиби. 
1977—1979 йилларда — Қарағанди вилоят партия қўмитасининг котиби, 2-котиби. 
1979—1984 йилларда — Қозоғистон Компартияси Марказий Қўмитасининг котиби. 
1984—1989 йилларда — Қозоқ ССР Вазирлар Кенгаши раиси. 
1989—1991 йилларда — Қозоғистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби. 
1990-йил февраль—апрель орасида Қозоқ ССР Олий Советининг раиси бўлди.

Президентликка йўл

У 1990 йилнинг апрелидан Қозоқ ССР Президенти лавозимини эгаллайди. 1991 йил 1 декабрда илк бор Қозоғистон Республикаси Президентининг умумхалқ сайлови бўлиб ўтади. Сайлов натижасида Нурсултон Абишевич Назарбоев 98,7 % фоиз овоз билан ғалабага эришади. 1995 йил 29 апрелда умумхалқ референдуми натижасида Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг ваколати 2000 йилгача узайтирилади. 1999 йил 10 январда ўтган умумхалқ сайловнинг натижасида Назарбоев 79,78 % овоз йиғиб, Қозоғистон Республикаси Президенти этиб қайта сайланди. 2005 йил 4 декабрда сайловда 91,5 % овозга эга бўлиб, Қозоғистон Республикаси Президенти бўлиб қайтадан лавозимни эгаллайди. Ўша вақтда мухолифат ва ғарб назоратчилари сайлов натижаларини тан олмайди ва уларнинг фикрича, сайлов демократик тамойилларга мос равишда ўтказилмаган. 

Назарбоев 2011 йил 3 апрелда белгиланган муддатидан олдин бўлган президент сайловида тўртинчи бор 95,5 фоиз овоз билан Қозоғистон Республикасининг Президенти лавозимини эгаллайди. Унинг галдаги муддати 2016 йилгача эди. 

Қозоғистон Республикасининг Конституциясига кўра, айни бир шахс сурункали равишда икки муддатдан ортиқ Қозоғистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас. Қозоғистон Республикасининг Президенти Қозоғистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Агарда у Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти бўлса, қонунда бунга чеклаш қўйилмаган. 

2011 йил декабрь ойида Манғистау вилоятида Назарбоев ҳокимиятига қарши қатъий нарозиликлар уюштирилди. Халқаро ОАВ буни Назарбоев бошқарув вақтидаги энг катта қатъий нарозиликлар акцияси деб баҳолади. 

Хотини — Сара Назарбоева — Халқаро “Бўбек” болалар хайрия фондини бошқаради.  

Президентнинг учта қизи бор:  

Дариға — сиёсий фанлар доктори,  "Хабар" Ахборот агентлигининг директорлар Кенггашининг раиси,  2020 йилнинг 4 майигача Қозоғистон Республикаси Сенати аъзоси бўлган.  

Динара — Нурсултон Назарбоев номли таълим фондига бошчилик қилади. “Forbes” журналининг маълумоти бўйича 2011 йилда 1,3 миллиард АҚШ долларини ташкил қилувчи бойлиги билан Қозоғистоннинг энг бой аёли ҳисобланади. Тимур Қулибоевнинг рафиқаси.

Алия — бизнес билан шуғулланади. “Елицтрой” қурулиш компаниясини бошқаради.  

Нурсултон Назарбоевнинг еттита невараси ва иккита чевараси бор.  

Ҳамон от устида 

Назарбоев 1989 йилдан бошлаб давлат бошига келди. 2019 йилнинг март ойида ўз хоҳиши билан Президентликни Сенат раиси Қосим-Жомарт Тўқаевга тоширди. Шундан буён у мамлакат Элбошиси сифатида Хавфсизлик кенгашига раислик қилиб келмоқда. 

Бундан бир неча йил аввал, Назарбоев дунёдаги энг бадавлат ва қудратли давлат раҳбарлари рейтинггида 10-ўринни эгаллаган. 

Назарбоевнинг уруғ-аймоқлари тўплаган бойлик $7 млрд АҚШ доллари деб баҳоланади.

Президентнинг туғилган куни, давлат байрами ҳисобланади. У Пойтахт куни билан бирга нишонланади.  7 май — Президентнинг катта қизи Дариға Назарбоеванинг туғилган куни ва Ватан ҳимоячилари куни. Ҳар иккала кун ҳам дам олиш куни ҳисобланади. 

Нурсултон Назарбоевга атаб Олма-отадаги Президент паркида,  Чўлпон-отада, Нур-Султонда,  Украинада ва Анқарада ёдгорликлар қўйилган. 

Иордания, Туркия ва Чеченистонда Нурсултон Назарбоев номи билан аталувчи кўчалар бор.  Шунигдек, Чеченистонда Нурсултон Назарбоев номидаги лицей ҳам фаолият юритади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

62

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг