Мирзиёев бугун кўпчиликни ишдан олишини айтди
Жамият
−
08 Апрель 2021
15690Уч ой ичида Ўзбекистонда тадбиркорларга етарлича шароит яратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни риовжлантириш бўйича самарали фаолият йўлга қўйилмаса, кўпчилик, хусусан, маҳаллий ҳокимиятларнинг биринчи раҳбарлари ҳам лавозимидан озод этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 8 апрель куни ўтаётган Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилишида сўз борди.
Йиғилишда Шавкат Мирзиёев вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларига оғир жараёнлардан ўтаётганликларини эслатди.
“Жуда тарихий ва оғир йилларда яшаяпмиз. Бизга кўп нарса боғлиқ. Ўзларингни қийнаб, ҳар куни изланиш, интилиш ва пировард мақсад билан ишлаш бўлмаса, натижа бўлмайди”, дейди Президент.
Мирзиёев сўзида давом этиб, бугунги видеоселекторда жуда кўп раҳбарлар ишдан олинишини урғулади.
“Шаҳар ва туман ҳокимлари, бир нарсани билинглар: тадбиркорни қўллаб-қувватламасак, тадбиркорга шароит яратмасак, тадбиркорни кўпайтирмасак, маҳаллий бюджет бўлмайди”, дейди Президент куюниб.
Президентга кўра, мамлакатда тадбиркорлар фаолиятини ривожлантириш учун қанча маблағ ажратилмасин, қанчадан қанча фармон ва қарорлар қабул қилинмасин, қуйи поғонада ўзгариш бўлмаётгани учун натижа ҳам шунга яраша эканини қайд этди.
“Бугун эшитасизлар мен жуда кўп одамни ишдан оляпман. Уч ойда ўзгариш бўлмаса, биринчи раҳбарларни ҳам ишдан оламан”, дейди Президент.