Мирзиёев бир қатор хорижий элчилардан ишонч ёрлиқларини қабул қилди
Жамият
−
12 Апрель 2023
3599Бугун, 12 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фавқулодда ва мухтор элчилар – Фаластин давлатидан Жавад Аввад, Япониядан Хатори Такаши, Қатар давлатидан Ҳасан Ҳамза Ҳошим, Словакия Республикасидан Виктор Борецки ва Покистон Ислом Республикасидан Аҳмад Фарукнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари мамлакатга янги тайинланган дипломатик миссиялар раҳбарларини самимий қутлаб, Ўзбекистондаги фаолиятини бошлагани билан табриклаган.
Президент ўз нутқида очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни амалга ошираётган Янги Ўзбекистон халқаро майдонда янги марраларга эришаётгани, дўстлар ва ишончли ҳамкорлар сафини кенгайтираётганини таъкидлаган.
Қайд этилишича, мамлакатда янги элчихоналар очилмоқда, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари географияси ҳам кенгаймоқда. Яқинда Швеция ва Венгрияда элчихоналар очилиб, Тошкентда Қатар давлатининг дипломатик миссияси ўз ишини бошлаган.
Мамлакатдаги янгиланишлар жараёни тўғрисида сўз юритар экан, Ўзбекистон етакчиси кейинги йилларда “инсон-жамият-давлат” тамойили асосида ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва мақсадларига алоҳида тўхталиб ўтган.
Бундай кенг кўламли ўзгаришлар мамлакатни тубдан ислоҳ қилишни, комплекс сиёсий, иқтисодий ва маъмурий янгиланишларни изчил олиб боришни талаб этади. Конституцияни Янги Ўзбекистон воқелигига мос равишда янгилаш жараёни бу йўлдаги катта қадамдир. Президент Шавкат Мирзиёев асосий қонуннинг янги таҳририни тайёрлаш доирасида кенг жамоатчилик муҳокамаси ўтказилгани, тажрибали мутахассис ва олимлар, хорижий ҳамкорлар, ихтисослашган халқаро институтлар ва таҳлилий марказларнинг таклифлари ҳисобга олинганини қайд этиб ўтган.
Ўзбекистон етакчиси зиддиятлар ва можаролар кескинлашиб бораётган мураккаб халқаро вазият шароитида барча мамлакатлар билан ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсатни амалга оширишнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаган.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молиявий институтлар билан шерикликни мустаҳкамламоқда, Туркий давлатлар ташкилотида самарали раисликни амалга оширмоқда ва жорий йилда илк бор Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитини қабул қилмоқда. Ўндан зиёд йирик халқаро тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
“Халқаро ҳамжамият учун янада очиқ ва самимий ҳамкор бўлишга астойдил интиламиз. Бунинг учун бизда сиёсий ирода, қатъият, энг муҳими, имконият ва етарли салоҳият бор”, дейди Президент.
Маросим давомида давлат раҳбари янги элчилар вакиллик қилаётган мамлакатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтган.