Мирзиёев бешта сиёсий партия раҳбарлари билан учрашди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 2 февраль куни мамлакатимиздаги сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди

Маълум қилинишича, очиқ мулоқот чоғида партияларнинг жамият сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш масалалари, бугунги кунда улар олдида турган асосий вазифалар ҳақида атрофлича фикр алмашилган.

Давлат ва жамият ҳаётига доир кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда, халқимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда сиёсий партияларнинг ўрни катталиги таъкидланган.

Учрашувда ижтимоий соҳалар, айниқса, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилган. Сиёсий партиялар ўз депутатлари орқали жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиши, уларнинг ечими бўйича таклифлар бериши, айниқса, таъсирчан Парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориши муҳимлиги қайд этилган.

Партиялар ўз электорати, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар ва нуронийлар билан ишлаш, уларнинг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминлашга кўмаклашиши зарурлиги ҳақида якдил фикр билдирилган.

Шунингдек, ҳар бир партия ўз дастурий мақсадларини Парламентга фаол олиб чиқиши, ўз фракциялари орқали қонунчилик ташаббусларини илгари суриши ва қонунлар ижросини таъминлашни назоратига олиши зарурлиги ҳақида фикр алмашилган.

Мулоқот жараёнида сиёсий партиялар фаолияти бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг ишини такомиллаштириш ва самарасини ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар, амалий таклифлар билдирилган.

Учрашувда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Экологик партия, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси раҳбарлари иштирок этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

250

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг