Мирзиёев Бакуда Илҳом Алиев билан учрашди

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Озарбайжонга борди. Мирзиёев Баку шаҳрига келгач, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди. 

Озарбайжон етакчиси эртага, 2 март куни мамлакат пойтахтида бўлиб ўтадиган Қўшилмаслик ҳаракати саммитини қўллаб-қувватлагани ва унда шахсан иштирок этаётгани учун Ўзбекистон раҳбарига самимий миннатдорлик билдирган. 

Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Озарбайжон ушбу тузилмага самарали раислик қилаётганини алоҳида таъкидлаган. 

Президентлар олий даражада эришилган келишувлар ижросининг боришини батафсил кўриб чиққан. Тизимли ва самарали мулоқотлар туфайли Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани, амалий мазмун билан бойигани катта мамнуният билан қайд этилган. 

Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш 50 фоиздан зиёдга ошган. 

Автомобилсозлик, тўқимачилик саноати ва ипакчилик каби устувор тармоқлардаги кооперация лойиҳалари фаол паллага кирди. Нефть-газ, транспорт ва логистика соҳаларида истиқболли лойиҳалар тайёрланмоқда.

Жорий йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрида ўтган биринчи Ҳудудлар форуми доирасида қўшма Инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди.

Мамлакатлар эркин иқтисодий зоналарни ва солиқ маъмуриятчилиги тизимини ривожлантириш борасида ўзаро тажриба алмашишдан манфаатдорлиги таъкидланган.

Маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтириш муҳимлиги қайд этилган. 

Давлат раҳбарлари долзарб халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиб, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.
Учрашув ҳар доимгидек очиқ, самимий ва дўстона муҳитда ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг