Мирзиёев “Арқадағ” билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди
Жамият
−
29 Июнь 2021
8258Бугун, 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Президентлар халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашиб, Афғонистондаги, жумладан, ушбу мамлакат шимолий чегараолди ҳудудларидаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини муҳокама қилган.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, биродар Туркманистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган. Суҳбатда икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
“Олий даражадаги мунтазам ва сермаҳсул мулоқотлар туфайли Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа тармоқларда кооперацияни кенгайтириш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди. Ҳамкорлик бўйича янги лойиҳаларни илгари суришда Ҳукуматлараро комиссия алоҳида ўрин тутиши қайд этилди”, дейилади хабарда.
Етакчилар жорий йилда Туркманистонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувини ташкил этиш масалаларига алоҳида тўхталган. Бўлажак кўп томонлама тадбир дастурини пухта тайёрлашга келишиб олинган.
Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек илиқ, дўстона ва ишчан руҳда ўтгани маълум қилинди.
LiveБарчаси