Мирзиёев Андижонга етиб борди
Жамият
−
15 Апрель
5785Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида бугун, 15 апрель куни Андижон вилоятига етиб борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф чоғида давлат раҳбарига Андижон халқаро аэропортидаги модернизация ишлари бўйича ахборот берилган.
Маълум қилинишича, бу аэропорт 1978 йилда қурилган бўлиб, ҳозирги талабларга мос келмай қолган эди. Учиш-қўниш йўлагининг юк кўтариш қобилияти пастлиги, замонавий ёритиш тизимининг йўқлиги сабабли қатновларни қабул қилиш имкониятлари чекланганди.
“Бугунги кунда реконструкция ишларининг биринчи босқичи битказилди. Узунлиги 3 минг 300 метр, кенглиги 60 метр бўлган янги учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаги ва самолётлар тўхташ жойи қурилди. Дренаж тизими янгиланиб, ер ости суви қочирилди. Шунингдек, бу ерда иккинчи юриш йўлаги қурилиши давом эттирилиб, IKAО CАТ-II тоифасидаги радар, метеорология ва ёритиш ускуналарини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, аэропортдаги модернизация ишлари натижасида Boeing, Airbus русумидаги йирик самолётларни ҳам, ноқулай об-ҳаво шароити ва тунги вақтларда ҳам қабул қилиш мумкин бўлади. Бу кунлик парвозлар сонини 10 баробаргача ошириш имконини беради.
Қайд этилишича, энди, иккинчи босқичда йўловчи терминалини янгидан қуриш кўзда тутилган. Бу орқали йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига аввалги 300 тадан 1000 тага, парвозлар сони йилига 584 тадан 3 минг 700 тага ортади. Бу Андижон шаҳри ва Фарғона водийсига қатновлар сонини кўпайтиришга хизмат қилади.
Фаолиятини қайта бошлаган мазкур аэропортда ҳозирда Тошкент – Андижон – Тошкент йўналиши бўйича парвозлар амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбари бу ерда самарали бошқарувни йўлга қўйиш, хизматларни арзон қилиб, маҳаллий ва халқаро парвозларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Маълум қилинишича, умуман, Ўзбекистонда аэропортларни модернизация қилиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йилларда Самарқанд, Термиз, Урганч, Шаҳрисабз, Мўйноқ, Қўқон ва Зомин аэропортлари янгиланди. Яна бир қатор вилоятларда модернизация жараёнлари давом этмоқда.
Маълумот учун, Андижон аэропорти аэродром мажмуасини тўлиқ реконструкция ва модернизация қилиш муносабати билан 2023 йил 1 апрель куни ёпилган. Аэродром қопламасининг элементлари – узунлиги 2985 метр ва кенглиги 44 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаги ва перрони узоқ хизмат муддати ва паст юк кўтариш қобилияти туфайли реконструкция қилиниши талаб этилган ва кўплаб турдаги самолётларни қабул қилишда, шунингдек, замонавий ёритиш тизимининг йўқлиги сабабли тунги вақтда рейсларни қабул қилишда чекловлар мавжуд бўлган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 март куни аэропортда реконструкциянинг биринчи босқичи якунланиб, унинг доирасида аэродром мажмуасининг салмоқли қисми, жумладан, узунлиги 3300 метр ва эни 60 метр бўлган 4E тоифадаги янги учиш-қўниш йўлаги, битта юриш йўлаги ва 3 та самолёт тўхташ жойига эга перрон қурилиши ўз ниҳоясига етганди. 20 март куни Андижон халқаро аэропорти биринчи US601 йўловчи рейсини қабул қилган. Бортида 63 йўловчи бўлган самолёт Тошкент вақти билан соат 12:13 да қўнган. Анъанага кўра, самолёт сув аркаси билан, йўловчилар эса карнай ва сурнай садолари остида кутиб олинган.
LiveБарчаси