Мирзиёев Алиевни “Янги Ўзбекистон” боғига олиб борди (фоторепортаж)

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев бугун, 21 июнь куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Озарбайжон умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев номидаги боғнинг очилиш маросимидан сўнг “Янги Ўзбекистон” боғига бориб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйдилар. 

Меҳмонга мажмуанинг мазмун-моҳияти ва меъморий хусусиятлари ҳақида сўзлаб берилди.

Ташриф кун тартибидан Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Икки мамлакат етакчилари ўзаро савдо ҳажмини ошириш, тадбиркорлар ва ҳудудлар даражасида кооперация алоқаларини кучайтириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, транспорт-транзит соҳасидаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, фаол маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратадилар.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий вазият юзасидан фикр алмашадилар, кўп томонлама тузилмалар доирасида фаол мулоқотни ривожлантириш ва ўзаро қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қиладилар.

Олий даражадаги музокаралар якунида саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, илм-фан ва инновациялар, туризм ва бошқа йўналишларда амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини имзолаш кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, ташриф арафасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг етакчи компания ва корхоналари иштирокида ишбилармонлик тадбирлари ўтмоқда.

Кейинги йилларда икки томонлама савдо кўрсаткичлари ва қўшма корхоналар сони сезиларли даражада кўпайди. 2021 йилда товар айирбошлаш ҳажми 42 фоизга, жорий йил январь-май ойларида 49 фоизга ўсди.

Ўтган йили Озарбайжон ҳудудида ўзбек автомобилларини йиғиш бўйича ишлаб чиқариш майдончаси ишга туширилди. Ипакчилик, аграр мажмуа, қурилиш материаллари саноати, нефть-газ, фармацевтика ва озиқ-овқат тармоқларида янги кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда ва ишлаб чиқилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

81

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг