Мирзиёев агротехника саноатини танқид қилди
Жамият
−
16 Апрель 2020
6011Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникаларининг сифати ва нархи талабга жавоб бермайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кимё, агротехника ва автомобиль саноати корхоналарида ишлаб чиқариш суръатларини таъминлаш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда айтиб ўтди.
Бугунги йиғилишда техникаларни ўз вақтида сотиш учун харидор билан ишлаш тизимини ривожлантириш, фермер ва деҳқонларга бу борада кредит имтиёзлари бериш зарурлиги қайд этилди. “Агротехсаноатхолдинг” компаниясига қишлоқ хўжалиги техникаларини электрон буюртма асосида сотиш тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.
Маҳаллий ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги машиналари сифати ва нархи танқид қилинди, бу жиҳатда улар хорижники билан рақобатдош эмас. Техника қиммат бўлса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархига ҳам таъсир қилади.
Шу муносабат билан ҳамма техника нарх-навосини таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, металл қуйиш қувватларини тезроқ ишга тушириб, локализация даражасини ошириш бўйича топшириқлар берилди.
“Маҳаллийлаштиришдан мақсад – ўзимизнинг қишлоқларга мос, деҳқонларга тўғри келадиган ҳамёнбоп миллий тракторлар ишлаб чиқариш”, деди Шавкат Мирзиёев.
Пахта теримини механизациялашни жадаллаштириш, жорий йил сентябргача жойларга камида 1 000 та пахта териш машинаси етказиб бериш, барча ҳудудларда сервис марказлари ташкил этиш вазифаси белгиланди.