Мирзиёев Афғонистон билан чегарага бориб, қўриқлаш жараёни билан танишди (фоторепортаж)
Жамият
−
13 Март 2023
18899Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Сурхондаёрга ташрифи баҳонасида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг вилоятдаги взводларидан бирига борди.
Маъмурий бинодаги шароитлар, чегарани қўриқлашда қўлланилаётган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўздан кечирилди. Давлат чегарасини қўриқлашда учувчисиз учиш аппаратларининг аҳамияти таъкидланди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон-Афғонистон чегарасини қўриқлаш жараёни билан яқиндан танишди.
Мамлакатимизда қўшинларнинг жанговар шайлигини ошириш билан бирга ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялашга катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу взвод ёнида ҳам шинам хонадонлар барпо этилган.
Давлат раҳбари шундай хонадонлардан бирида меҳмон бўлди. Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашди.
“Ватанимиз ҳимоячиларининг ўз вазифаларини хотиржам бажариши, фарзандлар тарбияси сизларга боғлиқ. Турмуш ўртоқларингизга мададкор бўлиб, катта жасорат кўрсатаяпсиз. Сизлар ҳам Ватан ҳимоячисизлар”, дейди Шавкат Мирзиёев ҳарбийларнинг рафиқаларига.
Ҳовлида ўйингоҳлар, спорт майдончалари, аёллар учун тикувчилик ва қандолатчилик хонаси ташкил қилинган. Болаларни мактаб ва боғчага элтиш учун автобус йўлга қўйилган.
LiveБарчаси