Мирзиёев аҳоли қанча электр энергиясига муҳтож эканини айтди
Жамият
−
10 Июнь 2022
9742Ҳозирги кунда аҳолида камида 2-3 миллиард киловатт соат қўшимча электр энергиясига талаб мавжуд. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.
Қайд этилишича, йиғилишда сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида аҳолининг электр таъминотидаги узилишлар анча қисқаргани таъкидланган. Лекин, куз-қиш мавсумида аҳолининг газга бўлган эҳтиёжи кескин ошиши сабабли барча юклама электр тармоқларига тушаётгани айтиб ўтилган.
Давлат раҳбарига кўра, ҳозирги кунда аҳолининг камида 2-3 миллиард киловатт соат электр энергиясига қўшимча талаби мавжуд. Келгуси беш йилда эса бу эҳтиёж яна 10 миллиард киловатт соатга ошади. Бундай вазиятда энг самарали йўл – муқобил энергиядан фойдаланишни кўпайтириш.
Бу борада 2019 йилда алоҳида жамғарма ташкил қилиниб, аҳолига бюджетдан субсидия бериш тизими жорий этилган.
Мирзиёев, шунингдек бирорта вилоят, туман ва шаҳар ҳокимида ёки вазирда ўз тизимидаги ташкилотларда энергия истеъмоли, уни тежаш, муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш бўйича ҳисоб-китоб йўқлиги, улар жорий қилинган субсидия ва компенсациядан ўз тармоғи ёки ҳудудида фойдаланиш бўйича жон куйдирмагани танқид қилган.
Президент ушбу масала умуммиллий аҳамиятга эгалигини қайд этиб, муқобил энергия ускунасини ўрнатган аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилишини таъкидлаган
Бунда, аҳоли ва тадбиркорларга:
• ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускуналари учун қувватига қараб 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўланади;
• ёки ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
Ушбу тизим Энергетика вазирлигининг махсус жамғармаси орқали жорий этилиши белгиланган.
LiveБарчаси