Мирзиёев аҳоли билан учрашиб, уларга энергияни тежаш кераклигини айтди
Жамият
−
18 Ноябрь 2023
9198Бугун, 18 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги Ҳабиб Абдуллаев маҳалласида бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бу маҳаллада 4 минг 400 нафардан зиёд аҳоли яшайди. 38 та кўп қаватли уй ва тўртта ижтимоий объектга “Маданиятли ҳудуд” бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатади.
Шавкат Мирзиёев шу ерда туман фаоллари, нуронийлар билан суҳбатлашган.
“Улар ўз маҳаллалари обод бўлгани, энергия тармоқлари таъмирланиб, қишга пухта тайёргарлик кўрилганини айтишди”, дейилади хабарда.
Президент энергияни тежаш, хонадонлардаги иссиқликни асраш, ҳар бир инсонда бунга дахлдорликни шакллантириш зарурлигини таъкидлаган.
“Дунёдаги иқлим ўзгаришлари биздан узоқда, деб бўлмайди. Ўтган йилги совуқ буни кўрсатди. Энди иқлим ўзгаришини инобатга олиб, дунёқарашимизни ҳам ўзгартиришимиз керак. Ҳар бир фуқаро «бу менинг уйим, менинг маҳаллам, менинг туманим, менинг Ватаним» деб яшаса, натижа биз кутгандек бўлади”, деган Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, мазкур маҳаллада ҳам қиш олдидан ўнта трансформатор таъмирланган, электр симлари алмаштирилган. Кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклар капитал таъмирланган, янги эшиклар ўрнатилган. Уйларнинг ертўласидаги иссиқлик қувурлари янгиланган.
Давлат раҳбарига Чилонзор туманига ташриф чоғида берилган топшириқларга мувофиқ қишга кўрилган тайёргарлик ҳақида ахборот берилган.
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь