Мирзиёев ҳокимиятдаги айрим мансабдорларни танқид қилди
Жамият
−
08 Сентябрь 2023
10411Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган саноат корхоналари барқарор ишлаши учун тармоқ ва ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида вилоят ҳокимларининг маҳаллийлаштириш бўйича ёрдамчилари танқид остига олинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда маълум қилинишича, мавжуд конларни ўзлаштириб, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига саноат ҳажми Китобда 19 фоизга, Қўшработда 10 фоизга ўсган. "Пистали” олтин конида янги металлургия заводини муддатидан олдин ишга тушириш ҳисобига шу йил қўшимча 840 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Заводдаги қарийб 50 миллион долларлик ускуналар саноат кооперацияси асосида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган.
Шунингдек, Тошлоқда йил якунигача қўшимча 1 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти аниқланди.
Шу билан бирга, 34 та туман ва шаҳарда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан пасайган. Айрим тармоқларда, шу жумладан фармацевтика, чарм-пойабзал, тўқимачилик саноатида ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларининг ўсиш суръати секинлашган.
Видеосэлектор давомида, яна бир имконият – туманларда саноат кооперациясини кенгайтириб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш эканлиги таъкидланди.
“Олмалиқ” комбинати маҳаллий саноат корхоналари билан кооперацияни йўлга қўйиб, полимер, қуйма эҳтиёт қисмлар, кимёвий реагент каби 1 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Қайд этилишича, худди шундай имкониятлар Андижон, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Хоразмда ҳам мавжуд.
"Лекин бу борада вилоят ҳокимларининг маҳаллийлаштириш бўйича ёрдамчилари иши мутлақо сезилмаяпти. Уларда на таклиф, на ташаббус бор”, дейди Президент.
LiveБарчаси