“Mirabad Avenue” остида ухлаётган инсоф ёхуд 2 сотих ернинг баҳоси 600 000 долларми?
Жамият
−
16 Июль 2021
19961Миробод. Шаҳарнинг қоқ маркази. Бу ерда Тошкентнинг эски манзарасидан асар ҳам қолмади. Бугун шаҳарнинг энг қимматбаҳо ва замонавий турар жой мажмуаси жойлашган бу ерда авваллари пана-пастқам уйлар, кафелар, майхоналар бўларди. Кафе ва дўконлардан чиққан чиқиндилар туни билан атрофда яшайдиганларни бехузур қилгани ҳам бор гап. Икки йил ичида эса ушбу туман буткул янги кўриниш касб этди. Аммо чиройли ва осмонўпар иншоот ортида дилни хира қиладиган манзара йўқ эмас.
Халқимизда бир мақол бор: қўшнинг тинч – сен тинч. Қўшни бўлгандан кейин у билан ҳар қандай вазиятда муросаю мадора қилиб яшашга тўғри келади. Катта Миробод кўчасидаги фуқаролар ва уларнинг том маънодаги қўшнилари ўртасида мана 4 йилдирки ҳамон муроса йўли топилмаяпти. Шу сабабли Миробод туманининг Катта Миробод кўчасида яшовчи аҳоли вакиллари QALAMPIR.UZ’га мурожаат қилишди.
Гап шундаки, Катта Миробод кўчасида яшовчи фуқароларга 2017 йилда уйлари “снос”га тушгани ҳақида хабар келади. Шундан сўнг, “Absolute Business Trade” қурилиш компанияси томонидан “Mirabad Avenue” номли турар жой комплекси учун мазкур ҳудудда яшовчи фуқароларнинг уйларини бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда баҳолаш ишлари бошланган. Қурилиш компанияси мулкни баҳолаш хулосаларидан келиб чиқиб, аҳолига уларнинг уйлари учун маблағ ёки кўчмас мулк таклиф қилган. Уйи эвазига таклиф қилинган маблағ ёки ўрнига бериш учун кўрсатилган уй маъқул келган мулкдорлар эса ўз ихтиёрлари билан бошқа ҳудудга кўчиб ўтган. Натижада эса компания ўзи сотиб олган ҳудудда қурилиш ишларини бошлаб юборган.
Aммо, “Absolute Business Trade” қурилиш компанияси томонидан уйларга қўйилаётган нарх ва улар таклиф қилаётган кўчмас мулк маъқул келмаган фуқаролар ҳам топилади. Компаниянинг таклифларини қабул қилмай, ҳамон ўз уйида яшаб келаётган Дилмурод Мирусмонов “Absolute Business Trade” унинг мулки учун паст нарх таклиф қилганидан норози.
“Absolute Business Trade” қурилиш компаниясидан уйимизни сотиб олмоқчи бўлиб бир неча марта вакиллар келди. Бу ҳолат уч йилдан бери давом этяпти. Шахсан мени 3 сотихли ҳовлимга 70 минг AҚШ доллари беришмоқчи. Биз қурилиш компаниясининг шу каби паст таклифларига рози бўлмаганимиз учун энди улар бизни судга берган. Фуқаролик судига мажбурий кўчириш бўйича даъво аризаси киритишган. Aйни дамда бу ариза кўриб чиқилмоқда.
Aгар қарор уларнинг фойдасига чиқадиган бўлса, МИБ ходимлари келиб уйдан мажбурлаб чиқаришни бошлайди. Биз нима учун ўз уйимиздан чиқиб кетишимиз керак?!”, дейди мурожаатчи.
Лекин Катта Миробод маҳалласида истиқомат қилувчи фуқароларнинг айрим гаплари қурилиш фирмасининг берган маълумотларига зид келиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Фуқаро Дилмурод Мирусмоновнинг сўзларига кўра, уйининг яшаш майдони 300 кв.м. га тенг. Лекин “ABSOLUTE BUSINESS TRED” МЧЖ қурилиш фирмасининг берган маълумотларида эса аслида ушбу фуқаронинг умумий ер майдони 305 кв.м. бўлиб, биноларнинг яшаш майдони 119 кв.м. аниқланган. Бундан ташқари фуқаро Дилмурод Мирусмоновнинг уйи “Тошкент шаҳар Ер тузиш ва кучмас мулк кадастри” давлат корхонаси томонидан 427 миллионнга бахоланган.
Катта Миробод кўчасида яшовчи айрим фуқаролар қурилиш компанияси томонидан таклиф қилинган маблағ кам экани учун ҳам ўз уйларини сотмаяпти. Хусусан, фуқаро Муаззам Мирзаева компания таклиф қилган маблағдан норози.
“2017 йилда бизнинг қўлимизга “уйингиз “снос”га тушди”, деган хат бериб кетишди. Шундан кейин ҳеч ким келмади. Яқинда битта вакил келиб “Уйингизнинг квадрати кичкина экан. Сизга икки хонали уй берамиз”, деди. Мен эса унга бу таклифи бизга тўғри келмаслигини айтдим. Шу билан қайтиб келмади. Улар бермоқчи бўлган уй 52 квадрат бўлгани учун бизга маъқул келмади. Чунки биз 8 нафармиз. Бизга кўп қаватли уй эмас, ҳовли керак. Компания бизга учта оиланинг уй олишига етарли маблағ берса, шунинг ўзи кифоя”, дейди Муаззам Мирзаева.
Шу ўринда бизда бир савол туғилди: қурилиш компанияси томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилаётган экан, нима учун улар шу пайтга қадар судга мурожаат қилмадилар? Мазкур савол билан аҳоли вакилларига микрофон тутганимизда улардан тайинли жавоб ололмадик. Катта Миробод кўчасида яшовчи фуқаролардан бири компания жуда кам миқдорда пул таклиф қилганини айтса, бошқаси эса мажбурий кўчириш бўйича судга мурожаат қилишганидан норози эканликларини билдирди. Биз эса иккинчи томонга ҳам қулоқ тутиш мақсадида “Absolute Business Trade” қурилиш компаниясига тегишли “Mirabad Avenue” мажмуасининг сотув офисига бордик. У ерда бизни “Absolute Business Trade” МЧЖ вакили, "Interlex" юридик компанияси мутахассиси Aзамат Эргашев қарши олди. Компания вакилининг айтишича, ушбу лойиҳанинг қурилишида ҳеч қандай ноқонуний ҳолат мавжуд эмас.
“Ушбу лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йилдаги 1218-сонли қарорига асосан тасдиқланган. Шунингдек, мазкур қарорга асосан қурилиш учун 6 гектар ер ажратилган. Шу пайтга қадар биз олиб бораётган қурилиш ишлари бўйича ҳеч қандай эътироз бўлмаган ва компания томонидан ҳеч қандай қоидалар бузилмаган. Aҳоли билан келишиш ҳақида гапирадиган бўлсак, тўғри бу борада бироз муаммоли вазиятлар мавжуд. Биз уларнинг кўчмас мулклари ўрнига турли хилдаги таклифлар билан имкон қадар муроса қилишга ҳаракат қиляпмиз. 2017 йилдан бугунгача бирорта фуқаронинг уйига ўз нархидан паст нарх таклиф қилмаганмиз. Ҳар доим уларнинг истагига кўра хоҳ маблағ кўринишида, хоҳ турар жой кўринишида талаблари қондирилган. Кўчирилиши керак бўлган фуқароларнинг 80 фоизи билан келишиб бўлганмиз. Биз берган таклифлар уларга маъқул келган. Aммо ҳозир кўчишни истамаётган, бизнинг таклифларимизни паст, деб ҳисоблаётган 20 фоиз фуқаролар билан эса муроса қилишда бироз муаммолар юзага келяпти.
Aммо, шундай фуқаролар ҳам борки, уйининг бозор қийматидаги нархидан бир неча маротаба қиммат нарх талаб қилишади”, дейди Aзамат Эргашев.
Катта Миробод 1-тор кўчаси 18-уйда яшовчи фуқаро Василий Цойнинг айтишича, 2020 йилнинг декабрь ойида қурилиш компанияси томонидан унинг 4 сотихли ҳовлисининг ярми ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бузиб ташланган. У тайёр уйи бузилгани ва атрофида қурилиш аллақачон бошланганидан норози. Бу камдек газ, “свет”, сув ҳам ҳеч қандай огоҳлантиришсиз узиб қўйилган.
“Ҳеч қандай огоҳлантириш ва қарорсиз уйимнинг ярмини бузишни бошлашди. Бизга ҳужжатлар борлигини айтишди, лекин кўрмаганмиз. 4 сотих уйимни ярмини бузиб, газ, “свет” ва сувни ҳам узиб ташлашди. Ҳозир яшашнинг иложи йўқ. Компания билан музокаралар давом этяпти. Уйимни қайта қуриб беришларини айтяпман. Уйим жойлашган ҳудуд яхши жойда. Бу ерда яшаш яхши, лекин ҳамма коммуникациялар узилган ва уй атрофида тўлиқ қурилиш бўлаяпти. Шу сабабли ҳам яшашнинг имкони йўқ”, дейди фуқаро.
Василий Цой адвокатининг сўзига кўра фуқаро Цой яшаб турган уй учун қурилиш фирмаси томонидан 40 минг АҚШ доллари компенсация таклиф қилганини айтмоқда. Лекин “ABSOLUTE BUSINESS TRED” МЧЖ қурилиш фирмаси томонидан Василий Цойга юборган хатига кўра қурилиш фирмаси фуқаро Василий Цойга қарийб 90 минг АҚШ доллари кампенмация тўлашни ёки Яккасарой тумани Муқумий кўчасида жойлашган уйларда умумий майдони 67 кв.м. 3 хонали уй таклиф қилишганини келтирилган.
Василий Цой ҳовлисининг ярми мулкдорни огоҳлантирмасдан бузиб ташлангани юзасидан компания вакилига мурожаат қилганимизда у уйнинг бузилиши иккинчи мулкдор билан келишилганини маълум қилди.
“Василий Цой айтаётган уй, унинг турмуш ўртоғига тегишли. Мулкдорлар ўз ихтиёрлари билан уйни эгалик қилиш ва сотиш ҳуқуқига эга, айнан шу асосда уйни бошқа мулкдор “Absolute Business Trade”га сотган ва бузиш ишлари бошланган. Василий Цой билан ҳам бир неча маротаба муроса қилишга ҳаракат қилдик. Уйнинг майдони қанча бўлса, шунча квадратда янги қурилган уйлардан ёки компенсациялар бериш бўйича бир неча маротаба мурожаат қилганмиз. Aфсуски, шу вақтгача тайинли жавоб йўқ.
Василий Цой ўзига тегишли 2 сотих жой учун 600 минг AҚШ доллари миқдорида пул берсак, уйини бузилишига розилик беришини айтганди. Цойнинг уйида яқин кунларда ҳеч ким яшамаганини билиш қийин эмас. Уйнинг ҳолати 600 минг AҚШ долларига жавоб бермайди. Биз ўзини уйидан яхши ҳолатда уй қуриб беришни таклиф ҳам қиляпмиз, лекин вақт чўзиш мақсадида аниқ жавоб берилмаяпти”, дейди компания вакили Aзамат Эргашев.
Фуқаролар бизга йўллаган мурожаатларида уйлари шунчаки бузиб ташланаётгани, мулк ҳуқуқлари топталаётганини, қурилиш компанияси уларнинг мулкига ўз нархидан кам маблағ таклиф қилаётганини айтганди. Журналистик суриштирувимиз давомида фуқаролар бу ҳовли жойларда ўзи ва болалари ўсиб-унгани, оилавий хотиралари ҳам шу уйлар билан боғлиқлигини сабаб қилиб кўрсатганча, бу ерларни ташлаб кетишни истамаётганига гувоҳ бўлдик. Аммо фуқароларнинг компания уларни рози қилиб, мулки учун сўраётган маблағни берса, уйларини ташлаб кетишга ҳам розилиги бизни ҳайрон қолдирди. Демак, қадриятлар ва хотираларни сотиш мумкин, яна мўмай пулга.
Биз суриштирувимиз холиc бўлиши учун ҳар икки томонга қулоқ тутдик. Тўғри, мулкдор ўз мулкини истаган нархига сотишга ҳақли. Уни ҳеч ким нега бу пулга сотмаяпсан, деб мажбурлай олмайди. Лекин бозор қонуниятлари ва мулкнинг асл баҳоси хоҳишларимиз қайси манзилгачалигини кўрсатиб қўяди. Буёғи сотиб олувчининг ҳалоллигию сотувчининг инсофига қолган гап.
Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсасия бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шу жумладан, муайян ҳудуднинг архитектура қиёфасини ўзгартириш ва яхшилашга қаратилган давлат дастурлари ҳамда инвестисия ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни (кейинги ўринларда инвестисия лойиҳалари деб аталади) амалга ошириш доирасида ер участкаси ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан амалга оширилади.
Шунингдек, ушбу қорарда ер участкасини олиб қўйиш ташаббускори ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори ўртасида тузиладиган ерни олиб қўйиш муносабати билан компенсасия бериш тўғрисидаги келишув мажбурий тарзда нотариал тасдиқланади, деб таъкидлаб ўтилган. Бундан ташқари, кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объекти мулкдорига келишувда, низо мавжуд бўлган ҳолларда эса суд қарорида, белгиланган компенсасия тўлиқ тақдим этилгандан сўнг йўл қўйилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь