Минглаб исроилликлар ҳукуматга қарши намойишга чиқди (видео)
Олам
−
28 Апрель
11066Кеча, 27 апрель куни кечқурун Исроилда оммавий норозилик намойишларининг янги тўлқини бўлиб ўтди. Энг йирик митинг Тель-Авивдаги ҳукумат бинолари мажмуаси яқинида бўлиб ўтди. Бу ҳақда “The Times of Israel” нашри хабар берди.
Намойишчилар Исроил расмийларидан Ғазо секторида гаровга олинганларни зудлик билан озод қилиш учун ҲАМАС томонидан илгари сурилган келишув шартларига рози бўлишини талаб қилди. Бундан ташқари, намойишчилар Биньямин Нетаньяху бошчилигидаги амалдаги ҳукуматни ҳозирги вазият учун жавобгар деб ҳисоблаб, мамлакатда муддатидан олдин сайловлар ўтказишга чақирди.
Исроил полицияси матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Тель-Авивдаги ҳукуматга қарши йирик намойишдан сўнг жамоат тартибини бузгани учун етти кишини ҳибсга олган. Намойишчиларнинг аксарияти тинч йўл билан тарқалиб кетган.
“Бироқ намойиш ўтказиладиган жойга туташ кўчалардан бирида кичик бир гуруҳ намойишчилар тўпланиб, транспорт воситаларининг ҳаракатига халақит беришга уринган. Намойишчилар пиротехника воситаларини ёқиб юборган ва полиция буйруғига бўйсунмаган”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Худди шундай норозилик намойишлари мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди. Хусусан, Нетаньяхунинг қирғоқ бўйидаги Кесария шаҳридаги қароргоҳи олдига юзлаб одамлар йиғилган. Ҳайфада ҳам катта намойиш бўлиб ўтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь