Миллий гвардия ходимларига фуқаролар автомобилидан мажбурий фойдаланиш ҳуқуқи берилди
Жамият
−
06 Август 2021
11391Эндиликда Миллий гвардия ходими жароҳатланган шахсларни шифохонага етказиш, жиноятда гумонланаётганларни таъқиб қилиш ва бошқа зарур ҳолатларда давлат органлари ва фуқароларнинг шахсий автомобилидан фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 3 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари томонидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиш натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
Қарорга мувофиқ:
- Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларни тиббиёт муассасаларига етказиш, жиноятлар содир этишда гумон қилинаётган шахсларни таъқиб қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга олиб бориш, ҳодиса жойига етиб олиш учун давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тартибда фойдаланиши мумкин;
- транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиш натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан қопланади.
Етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш масалаларини ўрганиш бўйича Миллий гвардия органлари бошлиқлари (командирлари) томонидан тасдиқланган тегишли хизмат мутахассисларидан иборат бўлган доимий комиссиялар (кейинги ўринларда — Комиссия) тузилади.
Транспорт воситасидан мажбурий тарзда фойдаланган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) ҳолат бўйича барча тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган билдирги билан биргаликда уч кун муддатда Миллий гвардия органлари раҳбарига мурожаат қилади.
Мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш учун транспорт воситасининг эгаси ёки унинг вакили Миллий гвардия органлари раҳбарига қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилади:
- транспорт воситасидан мажбурий фойдаланганлик натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида ариза;
- транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси (техник паспорти) нусхаси;
- транспорт воситаларидан фойдаланган Миллий гвардия органлари ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) идентификацияловчи ҳужжати;
- юридик ёки жисмоний шахснинг вакили учун — вакил сифатида мурожаат қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.
Миллий гвардия органи раҳбари билдирги (ариза) тушган кундан бошлаб бир кун ичида масалани ўрганиб чиқиш учун Комиссияга тақдим этади.
LiveБарчаси