Миллий фильмларимиз томошабиннинг диди ва талабига жавоб бермаяпти – Президент

Art & Culture

−

image

Ўзбекистонда томошабинлар кинодан, кинотеатрларга боришдан воз кечгани йўқ, фақат унинг диди ва талаби ўзгарди. Лекин миллий фильмлар бу талабларга жавоб бермаяпти. Бу ҳақда бугун, 26 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекфильм” киностудиясида киноижодкорлар билан учрашувда сўз очди.

Давлат раҳбари бу даргоҳда ўзбек миллий кино тарихи, бир неча авлод ижодкорларининг меҳнати, халқнинг экранга кўчган орзулари, интилишлари ва армонлари мужассам эканини таъкидлаган.

“Маҳаллада дув-дув гап”, “Ўтган кунлар”, “Шум бола”, “Чинор остидаги дуэль”, “Суюнчи” каби фильмларнинг қаҳрамонлари халқ хотирасида яқин инсонлардек сақланиб қолган. Улардаги бир лавҳа, бир оғиз сўз ёки таниш куй одамларнинг болалиги, бобо-бувилар ва қадрдон маҳаллани гавдалантиради.

Президент ўз даврида сиёсий ва мафкуравий босимлар қанчалик оғир бўлмасин, ижодкорлар ана шундай миллий санъат асарларини ярата олганини таҳсинга сазовор деб баҳолаган.

“Ўзбекфильм” яратган бу мактаб мустақиллик йилларида ҳам давом эттирилган. “Абдуллажон”, “Отамдан қолган далалар”, “Дилхирож”, “Ватан”, “Ўтов” сингари халққа манзур фильмлар яратилган.

Президент янги даврда яратилган тарихий фильмларга тўхталган. Улар орасида “Исломхўжа”, “Ибрат”, “Авлоний”, “Абдулла Қодирий”, “Қўқон шамоли”, “Муқимий”, “Илҳақ”, “Ўзбек қизи”, “Баҳодир Ялангтўш” бор.

Миллий кадрларнинг янги авлоди етишиб чиққан. Давлат раҳбари бунда киноижодкорларнинг муносиб ҳиссаси борлигини қайд этган.

“Олтин глобус” халқаро кино мукофоти тарихида Марказий Осиё ва Кавказ киноижодкорларини тақдирлаш маросими илк бор Тошкентда ўтказилгани билдирилган. Учрашувда иштирок этаётган актриса Гулчеҳра Жамилова “Меридиан” мукофотига сазовор бўлган.

Шу билан бирга, Президент миллий кино санъатини янги босқичга олиб чиқиш борасида олдинда ҳали кўп ишлар турганини очиқ айтиш зарурлигини таъкидлаган.

Президент ижтимоий тармоқлар ривожлангани учун одамлар кинотеатрга бормай қўйгани ҳақидаги фикрларга тўхталган. Одамлар хорижий фильмларни кинозалларни тўлдириб томоша қилаётганини қайд этган.

“Демак, томошабин кинодан, кинотеатрларга боришдан воз кечгани йўқ, фақат унинг диди ва талаби ўзгарди. Миллий фильмларимиз ана шу талабга жавоб беряптими? Афсуски, йўқ!” дейди давлат раҳбари.

Сабаби фильмларни ишлаб чиқаришдан уни томошабинга етказишгача бўлган яхлит занжир – дистрибуция шаклланмаган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends