Миллат қаҳрамонлари: коронавирус даврида тонналаб бепул ун тарқатган тадбиркор билан суҳбат

Интервью

image

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистонга ҳам коронавирус балоси кириб келди. Айни вақтда мамлакатда кшбу хасталикка чалинганлар 167 кишини ташкил этмоқда. 7 киши вирусни кечиб ўтиб, соғайди ва оиласи бағрига қайтди. Икки киши эса бевақт ўлим топди. 

Мамлакатда коронавирус COVID-19 инфекцияси кенг тарқалишининг  олдини олиш мақсадида фуқароларнинг уйда ўтириши тавсия қилинмоқда. Айни бугунгидек оғир кунларда, одамлар эндигина қишдан чиқиб, рўзғорининг камини тўлдирадиган бир вақтда ўзидан аввал бошқа инсонларни ўйлаб, яхшилик қилувчи саҳоватпеша инсонлар ҳақида эшитиб турибмиз. Мана шундай инсонлардан бири қашқадарёлик тадбиркор Саидали Ниёзов бўлиб, ўзи туғилиб ўсган қишлоғидаги ёрдамга муҳтож инсонларга тонналаб бепул ун тарқатди. 

QALAMPIR.UZ тўрт фарзанднинг отаси бўлган саҳий тадбиркор билан суҳбат уюштирди. Аввалига Саидали ака яхшилик қилганингни бир қўлинг билса, иккинчиси билмаслиги керакда дея унамади. Лекин халқнинг, давлатнинг оғир кунида ўзлигини сақлаган тадбиркорлар бошқаларига ўрнак бўлишини тушунтирганимиздан сўнг интервьюга рози бўлди.

—Аввало QALAMPIR.UZ сайти билан суҳбат уюштиришга рози бўлганингиз учун раҳмат. Ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз.

— 1984 йил Қашқадарёнинг Чироқчи туманидаги ўрта мактабни тамомлаб, Тошкентга таълим олиш учун келганман. Ўша вақтдаги Тошкент халқ хўжалиги институти (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети)нинг иқтисодиёт факультетини тамомлаганман. Иқтисодий қийинчиликлар боис кундузи Тошкент дон маҳсулотлари корхонасида оддий ишчи бўлиб ишлардим, кечаси таълим олардим. Кейинчалик дипломни олгач, мутахассислигим бўйича мазкур корхонага бош ҳисобчи ўринбосари этиб тайинланганман. Бир неча йил шу тизимда меҳнат қилдим. Раҳбар лавозимларда ишладим. 

Соғлиғим кўтармагани сабаб 2018 йилдан бошлаб тадбиркорлик билан шуғуллана бошладим. Ишламай ётган бир корхонани банкдан кредит олиб қайта ишга туширдик. Корхонамиз ун ва омухта ем ишлаб чиқаришга мослашган. “Agro savdo holding” МЧЖда 2019 йилнинг ўзида 40 дан ортиқ янги иш ўрни ташкил қилдик. Иқтисодчи бўлганим учун қўшни Афғонистон бозори, ундаги нархларни ўргандим. Ишлаб чиқарган маҳсулотларимизнинг 80 фоизини экпорт қилдик. 2020 йилдан бошлаб Олмалиқ шаҳрида корхонамизнинг янги филиалини очдик. Ҳозирда умумий 56 та ишчимиз бор.

— Тонналаб текинга ун тарқатиш, қийналганларга яхшилик қилиш фикри сизга қаердан келди?

— Коронавирус кириб келиши билан барча харажатларимизни ҳисоблаб, унимизнинг нархини 5 фоизга туширдик. Авваллари бир қоп сифатли унимизнинг нархи 160 минг сўм эди. Ҳозир унинг нархини 152-153 минг сўмга баҳолаяпмиз. Ўтган ҳафтанинг бошида Чироқчи тумани Зум қишлоғидаги бир хонадондан коронавирус билан касалланган бемор ҳақида эшитиб қолдим. У ердаги шароитни яхши биламан. Одамлар жуда қийналган. 15-20 километр атрофида маркетлар йўқ. Одамлар асосан истеъмол қиладиган маҳсулот бу – нон. Ўша қишлоқдаги қийналган аҳолининг сонини ҳисоблаб, ҳар бир хонадонга 25-30 килограммдан, 15 тонна ун тарқатишни кўнглимга тугдим. Туман ҳокимлиги раҳбарларига катта ташаккур. Эзгу ишларимизни амалга оширишимизга яқиндан ёрдам беришди. Аллоҳ улардан рози бўлсин.

— Сиз каби тадбиркорларга мана шундай қийинчилик даврида берадиган тавсияларингиз қандай?

— Ҳозирги қийин давр ўткинчи. Албатта, яхши кунлар келади. Барчамиз синовдамиз. Синовда барчамиз бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз керак. Бундай вазиятда инсонларнинг бир-бирига ёрдам бериши фарз амали ҳисобланади. Биз ишлаб чиқарувчимиз. Биздан савдо дўконлари вакиллари улгуржи нархда ун сотиб олишади. Ҳозир уларга ортиқча нарх қўйма, одамларни ўйла, қийинчиликдан фойдаланиб топган пулинг бир умр сенга татимайди, охиратингни ўйла деб айтаман. Ҳаммасини қийинчиликда виждонини сақлашга чорлайман.

— Коронавирус даврида тадбиркорларга давлат томонидан яратилган имкониятларга фикрингиз қандай?

— Ҳозир ҳар бир мамлакатда катта қийинчиликлар даври кетмоқда. Фуқаролар Ҳукумат қўйган талабларни бажариб уйида ўтирса, бу билан ўзи ва яқинларининг ҳаётини сақлаб қолган бўлади. Шукрки, Давлатимиз раҳбари биз каби эндигина ўзини эплаётган тадбиркорларни ташлаб қўймади. Миллионлаб кредитлар тўлаб келаётган эдик. Кредитларни тўлаш муддатини 6 ойга музлатиб беришди. Бунақа шароит анча-мунча давлатда йўқ, менимча. Ҳеч ким нега қарзингни тўламаяпсан деб келмаяпти. Давлат тадбиркорга шунча имкон берганда, нега биз нархни оширишимиз, фақат ўзимизнинг чўнтагимизни ўйлашимиз керак? Бундай қилсак нонкўрлик ҳисобланади. Одам шундай қийинчиликда синалади-ку ахир.

P/S.: Барча муқаддас динларда инсонларнинг бир-бирига яхшилик қилиши улуғланади. Эзгу фазилат сифатида қаралади. Яхшилик қилувчи инсонда ўз ҳаётидан қониқиш пайдо бўлади. Яшаётган кунларидан рози бўлади. Бежизга олувчи қўллар яхши яшаши мумкин, лекин берувчи қўллар яхши ухлайди деб айтишмаган. Муқаддас Ислом динида ҳам яхшилик қилувчиларга охиратда жаннатлар ваъда қилинган. Қилган эзгуликлари ўзларига соябон бўлиши ҳақида муқаддас оят-у ҳадислар мавжуд. Илоҳим, мана шундай миллати, давлатини ўйлайдиган тадбиркорлар сони кўпайсин. Барчамиз машаққатли даврдан сабр билан ўтиб олайлик.    


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

299

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг