Миграция агентлиги адашди. Москвадаги муштлашувда ўзбекистонликлар иштирок этган (видео)

Жамият 13915
image

Бугун, 14 июль куни Москванинг Кузьминск суди Россия пойтахти “Кузьминки” метро бекати яқинидаги муҳожирларнинг оммавий тўқнашувида Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистондан 200 га яқин мигрант қатнашган, деган қарор чиқарди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Хабарга кўра, оммавий муштлашув миллий можаро асосида ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 июль куни Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Матбуот хизмати юқоридаги оммавий муштлашув юзасидан баёнот бериб, дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисада Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этмаганини маълум қилганди.

Маълумот ўрнида, ҳодиса жорий йилнинг 12 июль куни содир бўлган. Можаро оқибатида уч жабрланувчи шифохонага ётқизилган, қолганларига воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган. Қайд этиш керакки, ўша куни полиция Россиядан депортация қилиниши кутилаётган 102 муҳожирни ҳибсга олган.

Ҳибсга олинганларнинг баъзилари “пиёдалар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланишига халақит берган рухсатсиз митинг ва юришларда” қатнашишда айбланган. Бироқ, уларнинг аксарияти ўзларининг айбсизлигини таъкидлаб, ўша районда тасодифан пайдо бўлганини қўшимча қилган.

Кеча, 13 июль куни суд муштлашувнинг дастлабки олти иштирокчисини 15 кунга ҳибсга олди. Россиядан муҳожирларни чиқариб юбориш бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 631
Рейтинг: 3
t
×