Мигрантлар учун энг жозибадор давлатлар қайси? Мигрантлар ўзи қанча?
Бу қизиқ
−
15 Февраль 2022
12159Бугунги кунда дунёда тахминан 281 миллион халқаро муҳожир бор. Бу дунё аҳолисининг 3,6 фоизини ташкил қилади. Ушбу маълумотларни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти келтирмоқда.
БМТга кўра, сўнгги йилларда халқаро миграция кўлами кескин ошган. 2020 йилда дунёда 1990 йилга нисбатан 128 миллион, 1970 йилга нисбатан эса уч баробар кўп муҳожир бўлган.
Таъкидланишича, охирги ўн йилликда мигрантлар учун энг жозибадор давлатлар Америка Қўшма Штатлари ва Германия бўлди. 1970 йилда АҚШга 12 миллион халқаро муҳожир жойлашган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 51 миллиондан ошмоқда. Германияда эса фақат охирги 10 йилда халқаро мигрантлар сони 8,9 миллиондан 16 миллионгача ошган.
Шунингдек, Франция, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони ҳам муҳожирлар учун жозибадор давлатлардир. БААда аҳолининг 88 фоизини халқаро меҳнат муҳожирлари ташкил қилади.
Умуман олганда, дунё аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи иш ва яхши ҳаёт излаб Европа ва Осиёга боради. Европада 87 миллион хорижлик ишчилар яшайди, Осиёда эса 86 миллион. Кейинги ўринларда Шимолий Америка бўлиб, у ерда 59 миллион халқаро муҳожир ишлайди, бу бутун жаҳон миграция оқимининг 21 фоизини ташкил қилади. Муҳожирларнинг 9 фоизи Африкада, 3 фоизи Океанияда.
Агар ҳисоб-китоб қилинадиган бўлса, халқаро муҳожирларнинг 40 фоизи Осиёнинг 6 та давлатидандир. Булар Ҳиндистон, Хитой, Бангладеш, Покистон, Филиппин ва Афғонистон. Халқаро муҳожирлар орасида иммигрантлар сони бўйича Ҳиндистон биринчи, Мексика иккинчи, учинчи ўринни эса Россия эгаллайди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда 70 миллион мажбурий кўчирилганлар бор. Ундан 26 миллиони қочқинлар, 3,5 миллиони бошпана изловчилар ва 41 миллиондан ортиғи ички кўчирилганлар.
Мигрантларнинг 48 фоизи аёллардир. Мигрантларнинг 38 миллионга яқини болалар, 4,4 миллион нафари талабалар ва 164 миллион нафари меҳнат муҳожирлари ҳисобланади. Уларнинг 75 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдаги (20-64 ёш) одамлардир. Ва мигрантларнинг деярли 31 фоизи Осиёда, 30 фоизи Европада, 26 фоизи Америкада, 10 фоизи Африкада ва 3 фоизи Океанияда яшайди.
Маълумот учун, 2019 йилда бошқа давлатларда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик мигрантлар сони 2 миллион 600 нафарни ташкил қилган. Бироқ, норасмий маълумотларда уларнинг сони бундан кўп бўлиши мумкин.
Айтиш жоизки, ўзбек муҳожирларининг катта қисми Россия, Туркия, Жанубий Корея давлатларида меҳнат қилади.
LiveБарчаси