Мигрантлар диққатига! Москвада патент нархи ошади

Олам 11196
image
-

2023 йилда Москвада ишлаётган меҳнат муҳожирлари учун патент 6600 рублгача ошади. Бу ҳақда Москва шаҳар иқтисодий сиёсат ва ривожланиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Дарья Мурченко маълум қилди.

“2022 йилда меҳнат муҳожирларининг анъанавий тармоқлардаги расмий маоши 11,5 фоизга ошди. Шу муносабат билан патент нархини мутаносиб равишда ойига 6600 рублгача ошириш таклиф қилинмоқда”, деб тушунтирган Мурченко.

Маълумотларга кўра, 2022 йилда Москва патенти чет элликлар учун ойига 5900 рублни ташкил қилган.

Мурченконинг қайд этишича, патент нархининг ошиши муҳожирлар зиммасидаги солиқ юкини россияликларнинг солиқ юки билан тенглаштиришга ёрдам беради.

Патент учун тўлов бутунлай Москва бюджетига тушади. Ҳисоб-китобларга кўра, харажатларнинг ошиши Россия Федерацияси пойтахти даромадини 3 миллиард рублга оширади.

Маълумот учун, Россия Федерацияси Солиқ кодексига биноан, патент олиш учун ариза беришда чет элликлар ойига 1200 рубль миқдорида белгиланган аванс тўловини тўлайди.

Фарангиз Салимова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 540
Рейтинг: 3
t
×