Мигрант бўлиш осон эмас. Биз муҳокама қилган муаммолар айсбергнинг учи – Комилов
Жамият
−
07 Август 2020
9483Бугун, 7 август куни Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ҳисоботи тингланди.
ТИВ раҳбари нутқи давомида Россиядаги мигрантларнинг қайтарилиши, уларнинг аҳволи ва консуллик идораларига бўлаётган мурожаатлар ҳақида сенаторларга маълумот берди. Шунингдек, дипломатик ваколатхоналарда ҳам ходимлар сони чеклангани ҳақида айтиб ўтди.
“Ташқи ишлар вазирлигининг асосий вазифаси қаерда бўлмасин фуқароларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш. Бугунги вазиятни яхши тасаввур қиляпмиз. Негаки ТИВ, элчилар, консуллар, ходимларимиз доимо мулоқотда. Бу кеча, бугун бошлангани йўқ. 10-15 йилдан бери бу муаммо кун тартибида бўлса, шуғулланиб келяпмиз. Бу жамоамизнинг, халқимизнинг энг заиф қисми.
Эски замонлардан биламиз, мусофир бўлиш, муҳожир бўлиш ва айниқса, ҳозирги замонда мигрант дейишади, мигрант бўлиш осон эмас. Бу ашаддий синов. Мигрантлар муаммоларини айсберг сингари кўзга кўринган қисмини муҳокама қиляпмиз. Бу муаммони ҳал қилиш учун комплекс ёндашув бўлиши керак. Чет элда сарсон бўлиб юрган ватандошимизни тўхтатиб, Ватанга қайтасанми, деб сўрасангиз, “қайтаман, менга иш топиб беринглар. Ҳалол меҳнат билан даромад топиб, оиламни боқаман. Агар шуни таъминлаб берсанглар, ҳозир қайтаман, бу ерда яшаш осон эмас”, дейди”, дея Абдулазиз Комилов ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ишсизлик сабаб ўзга юртда юришга мажбур бўлаётганини айтиб ўтди.
Вазирнинг сўзларига кўра, хориждаги ўзбекистонликларга ёрдам бериш учун аниқ дастур бўлиши керак. Уларнинг қайтиши учун мамлакатда шароит бўлиши зарур.
“Мигрантларга ёрдам бериш бўйича кенг кўламли давлат дастури бўлиши керак. Чет элдаги юртдошларимизни мигрант дейишга тил бормайди. Албатта, уларнинг орасида ҳар хили бор. Лекин кўпчилиги ватанпарвар, юртини севади, бугун десангиз — бугун қайтишга тайёр. Биз шароитларни яратиб беришимиз керак”, дейди ТИВ раҳбари.
У сўзида давом этиб, пандемия шароитида ҳам хориждаги, хусусан, Россиядаги ўзбекистонликларга мумкин қадар ёрдам берилаётганини, аммо имкониятлар чеклангани ҳақида сўз очди. У баъзи мигрантлар консулхонага ўт қўйиш кераклиги ҳақида очиқ айтаётганиин ҳам билдириб ўтди.
“Ватандошларимизга қўлдан келгунча ёрдам берамиз. Лекин муаммоларимиз ҳам йўқ эмас. Москва округидаги консулхонада 4 нафар ходим ишлайди. Улар 1,7 млн кишига хизмат кўрсатиши керак. Шунинг учун ҳам консул жавоб бермади деган эътирозлар бор. Консулхонага ҳужум қиламиз, ўт қўямиз, консулни осамиз, деган гаплар ҳам бўлди. Консуллик ходимлари қаерда муаммо бўлса, дарҳол етиб боришга ҳаракат қиляпти”, деди дипломат.
Маълумот учун, Ўзбекистонга Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси қарори билан хориждаги фуқароларни қайтариш учун чартер рейслар йўлга қўйиляпти. Бугунгача 100 мингдан ортиқ ўзбекистонлик Ватанга қайтарилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь