МИБ 3 мингдан ортиқ одамни қидирувга берган

Жамият

image

Бугунги кунда қарздорлиги мавжуд бўлган 3 мингдан ортиқ жисмоний шахс қидирувга берилган. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси маълум қилди.

Қайд этилишича, Бюро органлари томонидан амалга оширилган тезкор-қидирув фаолият натижасида жорий йилнинг ўтган даврида қарздорлиги туфайли 7 минг 800 дан зиёд жисмоний шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган бўлиб, шундан 4 минг 500 нафардан (58 фоиз) ортиғи топилиб, мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилган.

Ҳозирда 3 минг 264 нафар қарздорни қидириб топиш чоралари кўрилмоқда. Таъкидланишича, ушбу шахсларнинг 2 минг 149 таси республика ҳудудида яшириниб юрганлиги, 1 минг 115 таси эса, чет элга турли мақсадларда чиқиб кетгани аниқланган.

Қидирувдаги шахслар топилиши натижасида қарздорлардан жами 30 млрд 700 млн сўм, шу жумладан 22 млрд 800 млн сўм алимент пуллари ундирилиб, вояга етмаган фарзандларнинг моддий таъминот олишлари таъминланган.

Бюро органларида суд ҳужжатларига асосан фарзандларнинг оналари тарбиясига олиб бериш билан боғлиқ ижро ишлари доимо долзарб бўлиб келган. Ҳозирда, 80 дан ортиқ ижро ишлари бўйича қидирувда бўлган фарзандларнинг оналари қарамоғига олиб берилиши бўйича 57 та ижро ишлари амалда тамомланди. Қолган ишлари бўйича қидирув ҳаракатлари давом этмоқда.

Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг ижро варақасига кўра, вояга етмаган 2 нафар фарзанднинг онаси тарбиясига олиб берилиши бўйича олиб борилган қидирув ишлари натижасида, ушбу қўшни республика ҳудудида экани аниқланиб, фарзандларнинг онаси тарбиясига олиб берилиши таъминланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

203

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг