МФЙлар ишига ноқонуний аралашганлик учун жарима жорий қилинади
Жамият 14 Февраль 17:44
4898
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жарима жазоси белгиланиши мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришларни киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
“1934-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш
Мансабдор шахслар томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш, яъни фуқаролар йиғинлари ходимларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларга тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш, улардан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган маълумотнома, таҳлилий материал ва статистик маълумотларни тақдим этишини талаб қилиш ҳамда фуқаролар йиғинлари балансида бўлган биноларни бошқа шахсларга бириктириш ёки асоссиз равишда олиб қўйиш, –
базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
1935-модда. Фуқаролар йиғини қарорини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик
Фуқаролар йиғинининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик, –
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, мансабдор шахсларга эса – уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга эса — беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.