Мева-сабзавотчиликни кредитлашнинг янги тизими жорий қилинади

Жамият

image

Жорий йилнинг 15 сентябридан айрим озиқ-овқат маҳсулотларини етишитирш учун уруғлик, ўғит, ёқилғи, ўсимликлар ҳимояси ҳамда айланма маблағ учун 150 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда бугун, 5 сентябрь куни Президент раислигида ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилди.

Йиғилишда давлат раҳбари соҳадаги вазифалар ва янги имкониятларни айтиб ўтди. Энг аввало:

•    жорий йилда қўшимча ажратилаётган 20 минг гектар ва келгусида бериладиган 100 минг гектар экин майдонлари ҳисобидан импортни қисқартириш; 
•    озиқ-овқат маҳсулотлари экишни камида 300 минг гектарга етказиш керакиги қайд этилди.

Умуман, озиқ-овқат учун мўлжалланган ерларга экинларни жойлаштиришни бундан буён Боғдорчилик агентлиги белгилаб берадиган тартиб ўрнатилади.

Мутасаддиларга 15 сентябрдан бошлаб ҳоким ёрдамчилари тавсиясига кўра, сабзавот, дуккакли ва мойли экинлар бўйича уруғлик, ўғит, ёқилғи, ўсимликлар ҳимояси ҳамда айланма маблағ учун 150 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратишни йўлга қўйиш топширилди. Бунда, ушбу маблағларнинг ярмини нақд пулда ажратишга рухсат берилади. Бунинг учун, Боғдорчилик агентлигига қўшимча 300 миллиард сўм ажратилади.

Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига мева-сабзавотчиликни кредитлашнинг мутлақо янги тизимини жорий қилиш топширилди.

Эндиликда картошка, сабзавот, ёғ-мой экинлари экадиган кластер ва деҳқонларга ҳосилни суғурталаш харажатининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади. Бунинг учун, келгуси бир йилда Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 50 миллиард сўм йўналтирилади.

Бундан буён пахта ва ғалладаги каби озиқ-овқатга кредит беришда суғурта полиси кредит таъминоти ҳисобланади.

“Бу янгилик кўплаб деҳқонларимизнинг ишини юргизиб, Қишлоқ хўжалиги жамғармасида ишлатилмай турган 700 миллиард сўмдан самарали фойдаланишга имконият яратади”, дейди Президент.

Йиғилишда бугунги кунда республика бўйича ҳар йили 300 минг тонна картошка, 6 минг тонна дуккакли, 11 минг тонна мойли экинлар уруғини тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Бу борада, картошка бўйича Самарқандда яхши тажриба бошланган. Мутасаддиларга бу тажрибани хусусий сектор билан бирга дуккакли  ва мойли экинлар уруғчилигида ҳам йўлга қўйиш, бунга 26 миллион доллар йўналтириш топширилди.

Вилоят ҳокимлари олдига келгуси 2 йилда уруғ импортини 3 баравар қисқартириш вазифаси қўйилди. Ҳар бир вилоятда камида биттадан интенсив сабзавот кўчатчилик хўжаликларини ишга тушириш топширилди.

Бундан буён ҳосилдор ерларнинг барчасини интенсивга ўтказиш шартлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасадди идораларга интенсив қишлоқ хўжалигига ўтишни рағбатлантириш ва таъсирчан солиқ механизмларини қўллаш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, киритишга топшириқ берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

мева-сабзавот

Баҳолаганлар

114

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг