Метрополитендан фойдаланиш қоидалари ишлаб чиқилди
Жамият
−
18 Декабрь 2021
7275Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент метрополитенидан фойдаланиш қоидаларини ҳамда Тошкент метрополитени фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Қарор билан метрополитендан фойдаланишда йўловчиларнинг, шунингдек, метрополитен ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи “Тошкент метрополитенидан фойдаланиш қоидалари” тасдиқланмоқда.
Мазкур Қоидалар Тошкент метрополитенидан (кейинги ўринларда метрополитен деб юритилади) фойдаланишда йўловчилар ҳамда метрополитен ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, метрополитендан фойдаланишдаги тақиқлар ва хавфсизликни таъминлаш талабларини белгилайди.
Метрополитеннинг барча ҳудудларида қуйидагилар тақиқланади:
- парапетлар, тўсиқлар устига чиқиш, шунингдек, улар устидан сакраб (ошиб) ўтиш;
- спиртли ичимликлар, психотроп ва гиёҳванд воситаларни истеъмол қилиш, маст ҳолда кириш;
- чекиш ва қиздириладиган тамаки, электрон сигареталарни истеъмол қилиш воситаларидан фойдаланиш;
- метрополитен ҳудудида ва вагонларда очиқ олов, пиротехника воситаларидан (фейерверклар, петардалар ва бошқалар) фойдаланиш;
- метрополитен ҳудудида пойабзалсиз ва кийимсиз ҳолда бўлиш;
- бекатга ифлос, бадбўй кийим ва пойабзалда, шунингдек, йўловчиларнинг кийимларини, метрополитен вагонларини, иншоотлари ва қурилмаларини ифлос қилиши мумкин бўлган юклар (велосипед, мопед, скутер ва бошқалар) билан кириш;
- метрополитен раҳбариятининг рухсатисиз бекатларга театр, эртак қаҳрамонлари кийимларида ва шоу-томоша ниқобларида кириш;
- метрополитен бекатлари ва ҳаракат таркиби вагонларида бошқа йўловчиларнинг кийимларини ифлос қилиши мумкин бўлган музқаймоқ ва бошқа озиқ-овқатларни истеъмол қилиш;
- ёнувчан газлар билан тўлдирилган шарлар билан бекатга кириш;
- бекат ва унинг ҳудудида, бекатга туташган ер ости ўтиш йўлакларида самокатлар, роликли конкилар, мотоцикл, скутер, велосипед, скейт, барча турдаги ғилдиракли спорт анжомлари ва бошқа шу каби воситаларда ҳаракатланиш (ногиронлар аравачалари бундан мустасно), учувчисиз учиш воситаларидан (дрон) фойдаланиш;
- бекат ҳудудида, вагонларда акробатик ва спорт машқларни бажариш, ҳар хил турдаги тўпларни ўйнаш;
- метрополитен раҳбариятининг ёзма равишдаги рухсатисиз, хизмат кўрсатиш (техник) хоналарида бекатлар ва объектларда профессионал видео ва фото (учувчисиз учиш воситалари ёрдамида), суратга олиш, шунингдек, “Пранк” шаклида видеоларни суратга олиш;
- бекатдаги поезд йўлларига тушиш, технологик хоналар
- ва туннелларга кириш, вагонлар томига чиқиш ва юриш, вагонлар орасига ва поездларнинг бошқа қисмларига чиқиш, машинистлар кабиналарига кириш;
- метрополитен объектларига, девор (панжара) билан ўралган ва ишлаб чиқариш ҳудудларига рухсатсиз кириш;
- вагонларнинг ўриндиқларига болаларни пойабзали билан қўйиш ва юкларни жойлаштириш;
- вагонларнинг ҳаракатланиш ва тўхташ вақтида эшикларини очиш, бекатларда уларнинг очилишига ёки ёпилишига халақит бериш, деразалардан бошни чиқариш, бегона нарсалар ва чиқиндиларни ташлаш;
- “Йўловчи – Машинист” алоқасидан, эскалатор балюстрадасидаги “Тўхтатиш” ёзувли дастагидан заруратсиз фойдаланиш;
- поездлар ҳаракатига тўсқинлик қиладиган буюмларни ташлаш;
- ускуналар ва меъморий-бадиий безакларнинг қисмларига зарар етказиш, вестибюллар ва хизмат хоналарининг ойналарини ифлослантириш, шунингдек, вагонларга ва метрополитен инфратузилмаси объектларига зарар етказиш;
- метрополитен ҳаракат таркиби вагонларининг ташқи ва ички юзаларига, шунингдек метрополитен қурилмалари ва иншоотларига ёзувлар, стикерлар, расмлар, ахборот ва реклама материалларини метрополитен раҳбарияти билан келишмасдан (шартнома) жойлаштириш;
- метрополитен билан тегишли шартнома тузмасдан метро бекатлари ва вагонлар майдонидан тижорат, реклама ва бошқа фаолият учун фойдаланиш, шунингдек, ноқонуний савдони амалга ошириш;
- фуқароларга тиланчилик, фолбинлик ва бирон нарсани олиш ёки сотишни таклиф этиш мақсадида йўлини тўсиш ва тегажоғлик қилиш;
- метрополитен раҳбариятининг ёзма рухсатисиз вагонларда ва метрополитен иншоотларида мусиқа асбоблари ва овозни кучайтирувчи қурилмалардан фойдаланиш (эшитиш аппаратлари ва қулоқчинлардан (наушник) фойдаланиш бундан мустасно);
- метрополитен раҳбариятининг ёзма рухсатисиз маданий, спорт, кўнгилочар, сиёсий, диний ва бошқа тадбирларни ўтказиш;
- метрополитен фаолиятига тўсқинлик қиладиган ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этиш ёки уларни амалга ошириш учун тайёргарлик кўришни тақлид қилувчи ҳаракатларга йўл қўйиш, шу жумладан, йўловчиларнинг хавфсизлигига хавф соладиган ҳолатлар ёки ҳаракатлар тўғрисида била туриб ёлғон хабарларни тарқатиш;
- ёнувчан, портловчи, заҳарловчи ва заҳарли моддалар, буюмлар, маиший газ баллонлари, аэрозоль, ўқотар қуроллар, санчилувчи, кесувчи ва осон синувчи нарсаларни, чанғи ва конкиларни ғилофсиз олиб юриш,
- метрополитен иншоотларидан, шу жумладан, шамоллатиш киоскаларидан 25 метрдан кам масофада чиқиндиларни ёқиш, гулханлар ташкил этиш;
- бирламчи ўт ўчириш воситаларини ва ёнғинга қарши воситаларни (ўт ўчиргичлар, ўт ўчириш шланглари, стволлар ва бошқалар) ўрнатилган жойларидан олиш ва заруратсиз фойдаланиш.
- бекатдаги тақиқланган сариқ чизиқдан ўтиш;
- эскалаторлар ишлашига тўсқинлик қиладиган ҳаракатларни амалга ошириш, уларга ўтириш ва юк қўйиш.
Қарорга кўра, метрополитен иш бошлаш ва тугаш вақти Тошкент шаҳар ҳокимияти ва Ўзбекистон Республика транспорт вазирлиги томонидан ўрнатилади. Истисно тариқасида Метрополитен бошлиғи Ўзбекистон Республика транспорт вазирлиги келишилган ҳолда ўзгартириши мумкин.
Метрополитен иш вақтлари тўғрисида хар бир бекатнинг кириш эшиклари олдида маълумот берилади. Йўловчининг қўл юки учун 2 баробар тарифда тўловлар амалга оширилади.
LiveБарчаси