Метан “заправка”лар фаолияти яна чекланади
Жамият
−
07 Январь 9034 2 дақиқа
Эртага, 8 январдан бошлаб Ўзбекистондаги метан “заправкалар” соат 10:00 дан 16:00 га қадар фаолият юрита бошлайди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, магистраль газ қувурларида босим пасайиши кузатилаётгани сабабли бир қатор зарур чоралар кўрилмоқда.
Шу боис, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ барқарор таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган режа-графикларга асосан метан “заправка”лар фаолиятига вақтинча чеклов киритилмоқда.
Эртага, 8 январдан бошлаб метан “заправка”лар соат 10:00 дан 16:00 га қадар фаолият юрита бошлайди.
Фарғона водийсида метан “заправка”ларнинг иш вақти ҳокимликлар билан келишилган ҳолда, газ босимидан келиб чиқиб амалга оширилади.
“Бунинг асосий сабаби — газ босими пасайган вақтларда вазирлик ва ҳокимликлар томонидан биринчи навбатда аҳоли, жамоат транспортлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ (ёқилғи) билан узлуксиз таъминлаш. Яъни, жамоат транспортининг барқарор ишлаши, ижтимоий аҳамиятга эга объектлар ҳамда аҳоли эҳтиёжларини қондириш устувор вазифа ҳисобланади”, дейилади хабарда.
Шу боис, газ таъминотидаги умумий ҳолат, босим даражаси ва истеъмол ҳажмидан келиб чиққан ҳолда метан “заправка”ларнинг иш режими маҳаллий ҳокимликлар билан келишилади. Бу чора газ ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва барқарор таъминотни таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
Билдирилишича, бу зарурий чоралар вақтинча бўлиб, газ босимини меъёрга келтириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Live
Барчаси