Meta Россияда нима учун  экстремистик ташкилотга айлангани тушунтирилди

Олам

image

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 21 март куни Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларига эгалик қилувчи Meta компанияси Москванинг Твер суди томонидан экстремистик ташкилот деб тан олинган эди. Орадан бир ҳафта ўтиб, суд қарорнинг тўлиқ матнини эълон қилди, унда Meta’ни Россия Федерациясида экстремистик деб тан олиш ва унинг дастурий маҳсулотлари – Facebook ва Instagram’ни блоклаш сабаблари тушунтирилган.

“Американинг “Meta Platforms Inc.” трансмиллий холдинг компанияси Россия Федерацияси ҳудудида Россия фуқароларига қарши экстремистик ҳаракатларга чақириқларни ўз ичига олган материалларни тарқатади, Россия фуқароларининг ҳуқуқларини бузади ва Россия Федерацияси конституциявий тузумига таҳдид солади”, дейилади қарорда.

Судья Олга Солопованинг қарорида таъкидланишича, Meta’га Россия қонунчилигини бузганлик учун жарима шаклида маъмурий таъсир кўрсатиш чоралари мамлакатдаги давлат органлари томонидан узоқ вақт давомида қўллаб келинган, аммо етарли бўлмаган. Натижада, суд ва маъмурий органларнинг Meta компаниясининг ахборот ресурсларида аниқланган ноқонуний материалларни, шунингдек экстремистик йўналишдаги материалларни олиб ташлаш тўғрисидаги қарорлари амалда ижро этилмаган.

Суд қарорида, шунингдек, Meta Россия Федерациясида россияликларга қарши зўравонликка чақириқларни жойлаштириш, тарқатиш ва блокировка қилиш чораларини кўрмаслик, шунингдек, конституциявий тузум асосларини ўзгартириш нуқтаи назаридан экстремистик деб тан олингани таъкидланган.

Қайд этилишича, ушбу суд қарори қонун ҳужжатларида тақиқланган фаолиятда иштирок этмайдиган жисмоний ва юридик шахсларнинг Meta дастурий маҳсулотлари – Facebook ва Instagram’дан фойдаланиш бўйича ҳаракатларини чекламайди.

Эслатиб ўтамиз, 21 март куни Твер суди Бош прокуратуранинг даъво аризаси бўйича Meta интернет компаниясини экстремистик ташкилот деб тан олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

129

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг