Месси шедевр гол киритган ўйинда Аргентина очко йўқотди
Спорт
−
15 Июнь 2021
2562Кеча, 14 июнь куни Бразилияда Копа Америка мусобақасининг “А” гуруҳи учрашувлари бўлиб ўтди.
Аргентина ва Чили баҳсида ҳар икки жамоа биттадан гол киритди ва якунда 1:1 ҳисоби қайд этилди.
“Нилтон Сантос” ўйингоҳида бўлиб ўтган турнинг марказий учрашуви кутилганидек тенг курашлар остида кечди.
Биринчи таймда устунликка эришган аргентиналиклар ўйиннинг 33-дақиқасида ҳисобда олдинга чиқиб олдилар. Терма жамоа сардори Лионель Месси жарима зарбасидан сўнг ҳисобни очди. Чили дарвозабони Клаудио Браво ҳар қанча уринмасин тўпни қайтара олмади.
Иккинчи таймни фаол бошлаган чилилик футболчилар якунда ўз мақсадларига эришдилар. Артуро Видалга нисбатан ишлатилган қўполликдан сўнг, бош ҳакам Вильмар Рольдан 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Артуро пенальтидан йўллаган зарбани Эмилиано Мартинез қайтарди, бироқ Эдуардо Варгас тўпни дарвозага йўллаб, мувозанатни тиклади. Ушбу ҳисоб ўйин охирига қадар сақланиб, қолди ва жамоалар биттадан очкога эга бўлди.
Гуруҳдаги иккинчи баҳсда Парагвай Боливияни 3:1 ҳисобида таслим этди.
Биринчи бўлимда боливияликлар
Сааведранинг пенальтидан киритган голи туфайли ҳисобда олдинга чиқиб олдилар. Иккинчи таймда эса, Анхель Ромеронинг дубли ва Алехандро Ромеронинг голи Парагвайга ғалаба келтирди. “Педро олимпико” стадионида ўтган баҳсни Диего Харо бошқарди.
Шу тариқа, Парагвай гуруҳ пешқадамига айланди.
Ҳумоюн Орипов