Месси олтинчи “Олтин тўп”ни қўлга киритди

Спорт 2042
image

Кеча, 2 декабрь Франция пойтахти Париж шаҳрида “France Football” нашри томонидан анъанавий тарзда топшириб келинадиган “Олтин тўп”нинг навбатдаги совриндори аниқланди.

Тақдирлаш маросимида дастлаб“21 ёшгача бўлган йилнинг энг яхши футболчиси”га топшириладиган “Kopa Trophy” ўз эгасини топди.

2019 йилда “Аякс” билан Нидерландия чемпиони, Нидерландия Кубоги соҳибига айланган, шунингдек, собиқ клуби билан Чемпионлар Лигаси яримфиналига етиб борган, миллий терма жамоа билан эса Миллатлар Лигаси финалига чиққан Маттейс де Лигт мазкур совринга муносиб кўрилди.

Де Лигтга мукофотни қўлга киритишда Жейдон Санчо (Англия, “Боруссия” Д) ҳамда Жоау Фелиш (Португалия, “Атлетико” М) рақиблик қилди ва якунда “Ювентус” ҳимоячиси “21 ёшгача бўлган йилнинг энг яхши футболчиси” – “Kopa Trophy”га муносиб деб топилди.

Бу йил жорий этилган Лев Яшин мукофотининг биринчи соҳиби эса “Ливерпуль” ва Бразилия миллий терма жамоаси посбони Алиссон Бекер бўлди.

Алиссон 2019 йилда жамоаси билан Чемпионлар Лигаси ғолиби ҳамда терма жамоаси – “Seleção” билан эса Америка Кубогида зафар қучди.

Мазкур совринга даъвогарлар орасида Марк-Андре тер Стеген (Германия, “Барселона”) ва Андре Онана (Камерун, “Аякс”), Ян Облак (Словения, “Атлетико” М), Мануэль Нойер (Германия, “Бавария”), Уго Льорис (Франция, “Тоттенҳэм”), Войцех Шесни (Польша, “Ювентус”), Самир Ҳанданович (Словения, “Интер”), Кепа Аррисабалага (Испания, “Челси”), Эдерсон (Бразилия, “Манчестер Сити”) каби дарвозабонлар ҳам бор эди.

Йилнинг энг яхши аёл футболчисига топшириладиган мукофот АҚШ миллий терма жамоаси яримҳимоячиси Меган Рапинога насиб этди.

“Олимпик Лион” аёллар клуби футболчиси Меган Рапино “France Football” томонидан ўтказилган “Йилнинг энг яхши аёл футболчиси” мукофотини қабул қилиш маросимида иштирок этгани йўқ, бироқ мукофот унга етказилиши маълум қилинди.

Рапино АҚШ билан 2019 йили Францияда ўтказилган жаҳон чемпионатида ғолиб бўлди.

У билан биргаликда совринга яна Люси Бронз (Англия) ҳамда Алекс Морган (АҚШ) даъвогарлик қилган эди.

64-бор ташкил этилган кечанинг асосий соврини “Барселона” ҳамда Аргентина миллий терма жамоаси сардори Лионель Мессига топширилди.

Ҳужумчига 2019 йилги “Олтин тўп”ни қўлга киритишда “Ливерпуль” ҳимоячиси Виржил ван Дейк ҳамда “азалий душмани” “Ювентус” ҳужумчиси Криштиану Роналду рақиблик қилди.

Якуний овоз бериш натижаларига кўра Месси 2019 йилнинг “Энг яхши футболчиси”, дея эътироф этилди. У бу совринни 6-марта қўлга киритиб, бу борада мутлақ рекорд ўрнатди.

“Олтин тўп - 2019” сўровномаси рейтинги:

1. Лионель Месси (Аргентина, “Барселона”)
2. Виржил ван Дейк (Нидерландия, “Ливерпуль”)
3. Криштиану Роналду (Португалия, “Ювентус”)
4. Садио Мане (Сенегал, “Ливерпуль”)
5. Муҳаммад Салоҳ (Миср, “Ливерпуль”)
6. Килиан Мбаппе (Франция, ПСЖ)
7. Алиссон (Бразилия, “Ливерпуль”)
8. Роберт Левандовски (Польша,
“Бавария”)
9. Бернардо Силва (Португалия, “Манчестер Сити”)
10. Рияд Марез (Жазоир, “Манчестер Сити”)

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 63
Рейтинг: 3
t
×
×