Меркель БМТ мукофоти билан тақдирланди

Олам

image

Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси томонидан қочқинлар манфаати йўлидаги фаолияти учун Нансен мукофотига сазовор бўлди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” нашри хабар берди.

Ангела Меркель тақдирлаш маросимида мукофотни Германиядаги 2015 ва 2016 йиллардаги миграция инқирози даврида суриялик қочқинларни қўллаб-қувватлаган одамларга бағишлашини таъкидлаган.

“Менинг фикримча, ушбу мукофот биринчи навбатда, ўша пайтда ёрдам берган сон-саноқсиз инсонларга аталган, уларга вазиятни енгиб ўтганимиз учун раҳмат айтишимиз керак”, дейди Меркель.

Шу билан бирга, собиқ канцлер қочқинлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва уларни таъқиб қилиниши мумкин бўлган мамлакатларга қайтариб юбормасликка чақирган.

Мукофотга қўшиб бериладиган 150 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни у тўртта минтақавий лауреат, хусусан, Африкада кўнгилли ёнғин ўчириш гуруҳи “Мбера”, ироқлик шифокор Нағам Ҳасан, Коста-Рикадаги қочқинларга 50 йилдан буён ёрдам бериб келаётган Висента Гонсалес ва Осиёда “Meikswe Myanmar” гуманитар ташкилотига тенг равишда бўлинишига ажратган.

Қайд этиш керакки, Меркелнинг Суриядаги фуқаролар урушидан қочган 1,2 миллион одам учун чегараларни очиш қарори Германияда ҳамма томонидан маъқулланмаган. Айниқса, Германия Федератив Республикасининг ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Хорст Зеехоферр ва шарқий федерал ўлка аҳолиси уни танқид қилган.

Маълумот учун, ҳар йили бериладиган Нансен мукофоти 1954 йилда Қочқинлар бўйича Миллатлар Лигасининг биринчи Олий комиссари, норвегиялик Арктика тадқиқотчиси ва гуманист Фридтоф Нансен шарафига таъсис этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг