“Менга отишга буйруқ берилди”. Рус ҳарбийси Украинада тинч аҳолини ўлдирганини тан олди
Олам
−
18 Май 2022
16783Бугун, 18 май куни Киев суд залида россиялик ҳарбий хизматчи Вадим Шишимарин қуролсиз тинч аҳоли вакилини ўлдирганини тан олди. Бу ҳақда BBC хабар берди. Бу Россия босқини бошланганидан бери рус ҳарбийлари устидан ўтказилаётган биринчи суд жараёнидир.
Прокуратура маълумотларига кўра, 28 февраль куни Суми вилоятидаги Камиши қишлоғи яқинида таркибида 21 ёшли сержант Шишимарин ҳам бўлган колонна Украина армияси томонидан ўққа тутилган. Чекиниш чоғида у бошқа тўрт нафар рус аскари билан чет эл машинасини ўғирлаб, чегара томон ҳаракатлана бошлаган.
Лебедин кўчасидаги 52-уй олдида улар телефонда гаплашиб турган 62 ёшли маҳаллий аҳоли вакили – Александр Федорович Шелиповни учратган. Кейинчалик вафот этган россиялик ҳарбий Пуфаков Шишимаринга бу одам украин ҳарбийларига улар ҳақида маълумот етказмаслиги учун уни ўлдиришни буюрган. Шишимарин автоматдан ўт очган. Бу Украина томони тақдим этган воқеалар версияси.
Россия Мудофаа вазирлиги Шишимарин билан боғлиқ вазият бўйича маълумот бермаган. Кремль бу борада етарли ахборотга эга эмаслигини билдирган.
“Менга отишга буйруқ берилди ва мен унга қарата ўт очдим, у йиқилди. Биз йўлимизда давом этдик”, дея тушунтирган Шишимарин.
Воқеа содир бўлгандан бироз ўтиб, Шишимарин ва яна уч нафар ҳарбий хизматчи асирга олинган.
Судьянинг “Шишимарин қотилликда айбини тўлиқ тан оладими?”, деган аниқ саволига у ижобий жавоб берган. Шишимарин “Уруш қонунлари ва одатларини бузиш” моддаси билан айбланмоқда. Унда айбдорга умрбод қамоқ жазоси назарда тутилган.
Бу 24 февралдан кейин Украина ҳудудида содир этилган жиноят учун россиялик ҳарбийнинг суд қилиниши билан боғлиқ биринчи ҳолатдир.
Шишимариннинг адвокати Виктор Овсянников айбловни юмшоқроқ моддага қайта малакалашни талаб қилмоқда. Аммо қайси моддага ўзгартириш бўйича таклиф бермаган. Адвокатнинг BBC мухбирига айтишича, у оқлов талаб қилишни режалаштирмоқда.
“Прокурорга кузир бермаслик учун ҳимоя линиясини очиқламайман. Позициямни дебатда билдираман”, деган у.
17 майдаги мажлис қисқа бўлди – суд журналистлар билан тўлиб кетгани сабабли 19 май, пайшанба кунига қолдирилди. Суд жараёни бутунлай очиқ, суд мажлиси видеотрансляциясини YouTube орқали кузатиш мумкин.
Судда вафот этган шахснинг беваси, Шишимариннинг ўзи ва айбловчи томоннинг икки гувоҳига сўз бериш, шунингдек ашёвий далиллар – автоматлар ва мобил телефонларни кўриб чиқиш режалаштирилган.
Суд маълумотларига кўра, Шишимарин 21 ёшда, у Иркутск вилоятининг Уст-Илимск шаҳридан, Москва вилоятидаги 4-Кантемир танк дивизиясида бўлим командири бўлиб хизмат қилган.
18 май куни Кремль расмийси Дмитрий Песковдан Украинада суд қилинаётган илк россиялик ҳарбий бўйича изоҳ берди.
“Ҳали [батафсил] маълумот йўқ, афсуски, у ерда [Киевда] дипломатик ваколатхонамиз йўқлиги туфайли ёрдам кўрсатиш имконияти чекланган”, деган у журналистларга Россиянинг Шишимаринга ёрдам кўрсатиши имконияти борасидаги саволга жавобан.
LiveБарчаси